БРМ ойлиги: қарийб 14 миллион фуқаронинг ичимлик суви таъминоти яхшиланган
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги ўтказилмоқда. Бундан мақсад аҳолида БРМ ғояларига нисбатан дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасини кенг намоён этишдан иборат. Ойлик давомида республика миқёсида комплекс тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Таъкидлаш лозимки, амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида Барқарор ривожланиш мақсадларининг 70 фоизидан ортиғи бўйича сезиларли ижобий натижаларга эришилди, 45 фоизи бўйича белгиланган кўрсаткичлар тўлиқ рўёбга чиқарилди. Натижада 2026 йилда Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида 169 та давлат орасида 65-ўринни эгаллади.
Барқарор ривожланиш мақсадларида экологик барқарорликни таъминлаш борасида ҳам бир қатор вазифалар назарда тутилган. Бу борада сўнгги йилларда мамлакатимизда биргина аҳолини тоза ичимлик суви билан барқарор таъминлаш, оқова сув тизимларини янада ривожлантириш, сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, сув тежовчи замонавий технологияларни кенг жорий этишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, кейинги йилларда соҳага жалб қилинган сармоялар ҳажми 10 карра ошиб, 2,7 миллиард долларга етган. Натижада аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 63 фоиздан 82,8 фоизга етказилган. Энг муҳими, илк бор 5,6 миллион нафар аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланиб, 13,9 миллион фуқаронинг ичимлик суви таъминоти яхшиланган.
Шунингдек, охирги 8 йилда ичимлик суви ва оқова сув инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган. Бу орқали 36 минг километрдан зиёд ичимлик ва оқова сув тармоқлари тортилиб, 3,5 мингдан ортиқ иншоот қурилган. Келгуси йилларда эса ичимлик суви таъминотини 90 фоизга, шаҳарларда канализация хизмати қамровини 80 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Бугунги кунда республикада мавжуд 255 та оқова сув иншооти орқали 8,3 миллион нафар аҳолига хизмат кўрсатилмоқда. Барқарор ривожланиш мақсадларига асосан, 2030 йилгача сув муҳитининг ифлосланишини сезиларли даражада камайтириш, оқова сувларни хавфсиз қайта ишлаш ва улардан қайта фойдаланиш ҳажмини ошириш вазифаси белгиланган.
Бу борада мавжуд оқова сув тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш, янги тозалаш иншоотларини барпо этиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда тозаланган оқова сувларни техник эҳтиёжлар ва айрим иқтисодий тармоқларда қайта ишлатиш механизмларини кенгайтириш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Бугун сув ресурсларини самарали бошқариш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ирригация-мелиорация инфратузилмасини модернизация қилиш ва соҳани рақамлаштириш долзарб ҳисобланади. Маълумотларга кўра, бу борадаги ишлар натижасида сув тежовчи ва рақамли технологиялар, агротехника тадбирлари ҳисобига 2025 йилда 10 млрд. куб метр сув иқтисод қилинган, жорий йилда эса 11 млрд. куб метр иқтисод қилиш режалаштирилган.
Сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдон 2018 йилгача 28 минг гектарни ташкил этган бўлса, 2025 йил якунига келиб 2,6 млн. гектарга етган. Шу йил 1 июнь ҳолатига яна 516,7 минг гектарда ушбу технологиялар жорий қилинган.
Сув соҳасида эришилган натижалар билан бирга, ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам талайгина. Жумладан, ичимлик суви ва оқова сув хизматлари қамровини ошириш, сув тежовчи технологияларни ҳудудлар кесимида кенг жорий этиш, ажратилаётган бюджет ва инвестиция маблағларидан самарали фойдаланиш, соҳада рақамлаштириш жараёнларини янада кенгайтириш лозим.
Шу билан бирга, ер усти сув объектларини муҳофаза қилиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини ошириш зарур. Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар Барқарор ривожланиш мақсадларида кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА