Британия 2024 йилдан бошлаб Россиядан олмос олмайди
Буюк Британия 2024 йил 1 январдан бошлаб Россия Федерациясидан олмос импортини тақиқлади, дея маълум қилди мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги.
– Британия ҳукумати Россиядан олмос олиб киришни чеклаш, металл саноатида ёрдамчи хизмат кўрсатишни тақиқловчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди, – дейилади хабарда.
Ҳужжатга асосан, Лондон РФга ҳарбий ёки саноат мақсадида автомобил эҳтиёт қисмлари ва электрон маҳсулотлар экспортини ҳам тўхтатади.
Умуман, Украинада махсус ҳарбий амалиёт бошлангандан буён Буюк Британия Россиянинг 1800 жисмоний ва юридик шахсини, жумладан, банк секторининг 90 фоизига эгалик қилувчи 29 банкни “қора” рўйхатга киритган.
Британия ОАВ ёзишича, санкция натижасида қиролликка Россия маҳсулотлари импорти 2021 йилга нисбатан 94 фоиз, Британиянинг РФга экспорти эса 74 фоиз камайган.
Б.Худойбердиев, ЎзА