Бозорлар тўкин, захира етарли
– Бу йил тажриба тариқасида Косон туманида юз гектар майдонда тезпишар қовун етиштириб, экспортини йўлга қўйдик, – дейди уюшманинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бош бошқармаси бошлиғи Шарофиддин Асомов.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида "Ўзулгуржисавдоинвест" уюшмаси тизимидаги корхоналарда интенсив боғлар яратиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчиликни ривожлантириш ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун замонавий омборлар ташкил этиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.“Ўзулгуржисавдоинвест" уюшмаси раиси ўринбосари Р.Ҳамидбеков ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш, бозорларда мўл-кўлчилик ва аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 30 мартдаги “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси тузилмасини ислоҳ қилиш ва фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарори уюшма фаолиятининг кенгайишида муҳим омил бўлаётир. Унга кўра, етиштирилган маҳаллий озиқ-овқат, айниқса, мева-сабзавот маҳсулотларини улгуржи харид қилиш, сақлаш ва аҳолини ушбу маҳсулотлар билан барқарор таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Шу билан бирга, чекка ҳудудлардаги чакана савдо тармоқларини ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари билан узлуксиз таъминлаш – доимий эътиборда.
Айни пайтда уюшма тизимидаги корхоналарда 116 минг квадрат метр совутилмайдиган ва 60 минг тонна сиғимга эга совутгичли омборхоналар мавжуд. Ушбу корхоналар маҳсулотларни деҳқонлардан харид қилиш билан бирга, ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда, ўзлари ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги “2011-2015 йиллар даврида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мавжуд омборхоналарни реконструкция қилиш, замонавий совутиш камералари қуриш ишлари давом эттирилмоқда. Натижада, 2014 йилнинг январь ойи ҳолатига кўра, тизимда 150 минг тоннадан зиёд сиғимли омборхоналар барпо этилди. Жорий йилда уларда 70 минг тоннадан зиёд захира жамғариш режалаштирилган.
– Бу йил тажриба тариқасида Косон туманида юз гектар майдонда тезпишар қовун етиштириб, экспортини йўлга қўйдик, – дейди уюшманинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бош бошқармаси бошлиғи Шарофиддин Асомов. – Шунингдек, озиқ-овқат захирасини кўпайтириш мақсадида Қашқадарё, Бухоро вилоятларида чорвачилик хўжаликлари ташкил этилди. Ҳозир уларда 1 минг 400 бош қорамол, 510 бош қўй боқилмоқда. 122 гектар майдонда барпо этилган интенсив боғлар ҳосилга кирди. Мазкур тадбирлар натижасида қарийб 500 янги иш ўрни яратилди.
Тадбирда аҳолининг истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжини қондириш, ички бозорни рақобатбардош моллар билан тўлдириш мақсадида кейинги йилларда тизимда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича элликка яқин замонавий цех ташкил этилгани қайд этилди. Нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 18 лойиҳа амалга оширилди. Уларда ўтган йили 5,8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 6,3 миллиард сўмни ташкил этди.
Йил охирига қадар қирққа яқин нон, макарон ва қандолат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш цехлари, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик ва асаларичилик хўжаликлари ташкил этиш ҳамда аҳолига савдо, умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш бўйича саксонга яқин лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.