Божхоначилар тадбиркорлар ҳузурида
Мамлакатимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига кенг қулайликлар яратиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жойларда тадбиркорлик субъектлари муаммоларини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Давлат Божхона Қўмитаси ва Сирдарё вилояти божхона бошқармаси масъул ходимлари Боёвут тумани Инвестиция ва ташқи савдо бўлими, Савдо-саноат палатаси Боёвут тумани бўлими билан биргаликда Боёвут туманидаги “Boyovut Cotton Textile” МЧЖнинг мутасадди раҳбарлари иштирокида “мижозбай” тизими асосида учрашув ташкил этилди.



Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони, божхона назорати ва расмийлаштируви йўналишида тадбиркорларга яратилаётган қулайликлар ҳамда божхона соҳасини рақамлаштириш ва коррупцияга қарши курашиш борасида эришилаётган натижалар бўйича иштирокчиларга батафсил тушунтиришлар берилди.


Шунингдек, Божхона қўмитасининг масъул ходими томонидан мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳририда белгиланган нормалар ва таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий соҳалар бўйича киритилаётган ўзгаришлар ва қўшимчалар тўғрисида маълумотлар етказилди. “Boyovut Cotton Textile” МЧЖ томонидан ушбу давр давомида қиймати 1,6 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ип-калавалар Туркия, Хитой, Эрон ва Польша каби давлатларга экспорт қилинган.
Божхона ходимлари корхона фаолияти билан яқиндан танишиб, корхонага келгусида экспорт салоҳиятини оширишда амалий ёрдам кўрсатишга келишиб олишди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА