Божхоначилар тадбиркорлар билан учрашди
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси масъуллари Ховос тумани ҳокимлиги, Инвестиция ва ташқи савдо бўлими, туман Бандликка кўмаклашиш маркази ва Савдо-саноат палатаси тумани бўлими ходимлари, Ховос туманида жойлашган “Cengiz Enerji” (Туркия) корхонаси вакиллари иштирокида учрашув ўтказилди.
Унда маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг экспорт-импорт фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 1 февралдаги ЎРҚ-748-сон Қонуни билан Божхона кодексига киритилган ўзгартиришлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 апрелдаги “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимини қўллашни соддалаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан юртимизда маҳсулотларнинг қайта ишлови билан боғлиқ операцияларни амалга оширишда яратилган бир қатор қулайликлар ҳақида сўз борди.

Ҳудудда лойиҳа қиймати 150 миллион АҚШ доллар, қуввати 220 мегаватт бўлган иссиқлик электр станцияси қурилмоқда, ҳозирда мазкур объект қурилишида 450 ишчи меҳнат қилмоқда, корхона ишга туширилиши билан 100 та яқин янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Корхона томонидан 2022 йил шу кунга қадар Туркия давлатидан қиймати 25,2 млн. АҚШ долларлик асбоб-ускуналар олиб келинган бўлиб, божхона тўловларидан 43 млрд. сўм имтиёзлар қўлланилган.

Учрашув якунида, ишчи гуруҳ томонидан корхона қурилиш жараёни билан танишилиб, ҳозирда божхона омборида сақланаётган товарларни якуний божхона режимига расмийлаштириш бўйича яқиндан амалий ёрдам кўрсатилиши юзасидан келишиб олинди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА