Божхоначилар ҳушёрлик қилди
Мамлакатимизда гиёҳвандлик моддалари савдоси ва унинг истеъмолига қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Лекин шунга қарамай, ўзининг моддий манфаатини бошқалар ҳаётидан устун қўядиган айрим кимсаларнинг заҳри қотилни юртимизга қинғир йўллар билан олиб киришга уринишлари ҳамон учраб турибди.
Жиззах вилояти божхона бошқармаси ва вилоят давлат хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда шубҳа остидаги фуқаро маълум вақт кузатувга олинди ва “шартли харидор”га гиёҳвандлик моддасини 27 миллион сўм эвазига сотмоқчи бўлган вақтда ушланди. Мазкур модда экспертиза хулосасидан ўтказилганида оғирлиги 80,29 граммни ташкил этувчи “гашиш” гиёҳвандлик моддаси эканлиги маълум бўлди.

Шунингдек, Ғаллаорол туманида ҳам шундай ҳолат аниқланди. Самарқанд – Жиззах йўналишида ҳаракатланган “Ласетти” русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда тўхтатилди. Тезкор тадбирда “Ласетти” автомашинасидаги йўловчи фуқаро ва унга тегишли юклар холислар иштирокида кўрикдан ўтказилди. Ушбу жараёнда гумонланувчи ўз ихтиёри билан чўнтагидаги қора рангли полиэтилен пакетга ўралган, алоҳида бўлакларга ажратилган, жами оғирлиги 105 грамм “опий” гиёҳвандлик воситасига ўхшаш моддани ходимларга тақдим этди.
Ҳозир ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири