Божхоначилар эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олди
Ёлғиз ва эҳтиёжманд оилаларга эътибор кўрсатиш, ҳолидан хабар олиш ҳар биримизнинг вазифамиз.
Шу кунларда Сирдарё вилояти ҳокимлиги, сектор раҳбарлари ва мутассадди идоралар маҳаллаларда уйма-уй юриб, ёлғиз қариялар, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиб, аҳолининг яшаш шароитларини ўрганмоқда.


Вилоят божхона бошқармасида ташкил этилган кўнгиллилар гуруҳи Гулистон шаҳри “Навбаҳор” маҳалласидаги ёлғиз яшовчи Л.Шабленко ҳамда 1-гуруҳ ногирони А.Йигиталиев, “Обод Юрт” маҳалласидаги Н.Давлетшин, Мирзаобод тумани “Боғистон” маҳалласидаги Н.Тўраева ва Л.Абдулинани йўқлаб борди. Хонадонларнинг кириш йўлаклари қор ва музлардан тозаланди. Уларга озиқ-овқат ва зарур маҳсулотлар тарқатилди.
Йўқловлардан фуқаролар хурсанд бўлди ва юртимиз тинчлиги, халқимиз омонлигини сўраб дуо қилди.


Шуҳрат Суяров, ЎзА