Божхоначилар 1 минг 648 қути тамаки маҳсулотининг ноқонуний айланишига чек қўйди
Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг “Айритом” чегара божхона постига хориждан кириб келган юк автотранспорт воситаси ҳайдовчиси йирик миқдордаги тамаки маҳсулоти билан қўлга тушди.
Бошқарманинг контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ўтказган тезкор тадбирда автотранспорт воситаси кабинасининг ички қисмларига хуфиёна яширилган 1 минг 648 қути сигарет аниқланди.

Айни пайтда божхона ходимлари қонунчилигимизга зид сигарет маҳсулотини мамлакатимиз ҳудудига олиб кирмоқчи бўлган ҳайдовчининг бу ҳаракати юзасидан терговга қадар суриштирув олиб бормоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 апрелдаги 244-қарори билан тасдиқланган меъёрда жисмоний шахслар шахсий эҳтиёжлари учун хориждан божсиз олиб кирадиган барча турдаги тамаки маҳсулотларининг чекланган миқдори 200 дона яъни, 10 қутидан ошмаслиги белгиланган.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири