Божхона хизмати ислоҳ этилмоқда
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига қилган ташрифи давомида “Фарғона-Ўш” йўналишида, Қувасой шаҳридаги “Носиробод” МФЙ ҳудудида жойлашган “Ўзбекистон” чегара божхона постини замонавий талабларга мос ҳолда қайта қуриш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берган эди.
Бошланғич қиймати 10 миллиард сўмдан зиёд бўлган мазкур қурилиш объектини Фарғона шаҳрида жойлашган “Фарғона қурилиш кўрки” масъулияти чекланган жамияти тендерда ютиб олди.
Ҳозирга қадар МЧЖ томонидан объектда бетон қуйиш ишлари якунига етказилди. Бундан ташқари кириш-чиқиш модули, ягона ойна ва 2 қаватли маъмурий биноларда ички пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, плита темир бетон ва томёпламаларида монтаж ишлари якунланиб, ёнғин ҳовузи ва оқава сув чуқурлари барпо этилди. Қурилиш объектининг ободонлаштириш қисмида “вертикал режалаштириш” ишлари бажарилаётир.
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини янада либераллаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, миллий маҳсулотларимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорга чиқариш ва тадбиркорларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада юқорида тилга олганимиз – Фарғона вилояти божхона бошқармасининг Қирғизистон Республикаси, Қизилқия шаҳри билан туташ ҳудудда “Ўзбекистон” чегара божхона пости шахсий таркиби ўз хизмат вазифаларини қонунда белгиланган тартибда, намунали олиб бормоқда.
Мазкур постга кириб келган ҳар бир юкли ва бўш автотранспорт воситаси, валюталар ва валюта бойликларининг олиб кирилиши, олиб чиқилиши ёки олиб ўтилиши ҳамда пост орқали ҳаракатланаётган ҳар бир фуқаро божхона назоратидан ўтказилади. Шунингдек, экспортга йўналтирилган автотранспорт воситалари пост орқали навбатсиз равишда қабул қилиниб, қисқа вақт ичида божхона расмийлаштируви амалга оширилади.
Пост шахсий таркиби ички бозорларимизни арзон ва сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан бойитишга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Хусусан, айни кунларда пост орқали Қирғизистон Республикасидан мамлакатимизга бир кунда ўртача 250-300 тонна атрофида картошка маҳсулоти олиб кирилаётгани фикримиз исботидир. Ушбу маҳсулот божхона пости ходимлари томонидан тезкорлик билан расмийлаштирилиб, Қувасой шаҳри ҳамда вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларидаги бозорлар орқали аҳолига арзон нархларда етказиб берилмоқда.
– Постга товар-транспорт воситалари кириб келгандан сўнг манзил-назорат постига назоратга қўйилади ва у ерда белгиланган тартибда божхона тўловлари амалга оширилади, - дейди “Ўзбекистон” чегара божхона пости бошлиғи, божхона хизмати капитани Сардор Амирбеков. – Бундан ташқари вазифамизга Ўзбекистон Республикасидан экспортга йўналтирилган товар ва транспорт воситалари, товар-моддий бойликларни тез фурсатларда расмийлаштириш ҳамда фуқароларнинг божхона кўригини амалга ошириш ҳам киради. Бу ишларда Шерзод Розалиев, Соҳибжон Ниёзов, Мавсум Расулов ва Жамолдин Ҳакимов каби билимли ва тажрибали ходимларимиз ўзларига топширилган вазифани сидқидилдан бажаришиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлмоқда.
[gallery-4515]
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА