Божхона соҳасидаги билимлар оширилди
Қибрай туманида жойлашган корхонада озиқ-овқат ишлаб чиқариш лойиҳаларининг ўзлаштириш ҳолатини ўрганиш, мазкур йўналишдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда келгусидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган сайёр учрашув бўлиб ўтди.
Унда Божхона қўмитасининг Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб- қувватлаш бошқармаси бошлиғи И.Пардаев, Тошкент вилояти божхона бошқармаси ишчи гуруҳи мутахассислари ҳамда озиқ-овқат ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, жорий йилда Тошкент вилоятида озиқ-овқат ишлаб чиқариш дастури доирасида қиймати 1 триллион 125 миллион сўм бўлган 28 та лойиҳа мавжуд. Ҳозирда ушбу йўналишда тадбиркорларга божхона органлари томонидан ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Эътиборлиси, вилоятдаги корхоналар асосан мева-сабзавотларни қуритиш, қайта ишлаш, қандолат маҳсулотлари тайёрлаш, гўшт, ун ва сут маҳсулотларини қадоқлаш ҳамда турли ичимлик, минерал сувлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Йиғилишда асосий эътибор озиқ-овқат ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларини ўз вақтида ишга тушириш, бунга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган омилларни бартараф этишга қаратилди. Қолаверса, мулоқот давомида “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими ҳамда “Экспорт уч қадамда” тизимининг афзалликлар борасида маълумотлар берилди.

Мавзу юзасидан тадбиркорлар фаолиятида юзага келаётган муаммолар ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди. Шунингдек, тадбиркорларнинг таклифлари, улар фаолиятидаги муаммолар ҳам масъуллар томонидан тингланди. Муҳими, мазкур очиқ мулоқот доирасида тадбиркорлар божхона соҳасига доир сўнгги янгиликлардан хабардор қилинди.
А.Мусаев,ЎзА.