Божхона қонунчилиги таъминланмоқда
Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар туфайли жойларда мурожаат қилаётган фуқаролар ва тадбиркорларга замонавий талаблар даражасида хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.
Хусусан, Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили давлат дастури ижроси бўйича 3,3 триллион сўмлик божхона тўловлари ҳисобланиб, шундан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан 1,6 триллион сўм имтиёзлар берилди. Қолган маблағлар белгиланган тартибда давлат бюджетига ўтказилишига эришилди.

Ўз навбатида 461,9 миллион доллардан ортиқ бўлган товарлар хорижий мамлакатлар бозорларига йўналтирилган, 32 минг 170 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилди.
Соҳа мутахассислари томонидан Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишинининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, контрабандага қарши курашиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда гиёҳванд воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш йўналишида 25 та ҳолатда 10,9 килограмм гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бундан ташқари, товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида 806 та ҳолатда 36,1 миллиард сўмга тенг товарлар ушлаб қолинди.
Қонунбузилиш ҳолатлари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, биргина хорижий брендлар номи остида сифатсиз, қалбаки косметика ва парфюмерия воситалари билан боғлиқ ҳолатда 10 миллиард сўмдан зиёд маҳсулотларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Бугунги кунда Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан божхона тўловларини тўлиқ таъминлаш, маҳсулотларни қайта ишлаш йўналишини кучайтириш орқали экспортни кўпайтириш, хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ишларини мувофиқлаштириш ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш йўналишларида тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилмоқда.

Рақамларга кўра, 2024 йил бошидан бугунгача Тошкент вилояти ҳудудидаги 31 дан зиёд тадбиркорлик субъекти томонидан хориждан олиб келинган 106,5 минг тонна хомашё, қиймати қарийб 50,23 миллион долларга тенг бўлган маҳсулотлар “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимига жойлаштирилган. Шундан сўнг хорижга юборилган тайёр маҳсулотлар қиймати 105,16 миллион долларни ташкил этган.

А.Мусаев, ЎзА мухбири