Бўзатовда иқтидорлилар жамланади
«Бўзатов иқтидорларни кашф этади!» шиори остида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган «Республика ёшлар овози» фестивалининг ҳудудий кастинг босқичлари бўлиб ўтмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон ва Сурхондарё вилоятларида кастинг якунланиб, сўнгги босқичга йўлланмани қўлга киритган иштирокчилар аниқланаяпти.
Илк маротаба ташкил этилаётган фестивалдан ёшлар нималарни кутмоқда?
Зулфия номидаги давлат мукофотининг бу йилги совриндори Гулсанам Оразбоева фестивални интиқлик билан кутмоқда. У мамлакатимизнинг чекка-чекка ҳудудларидан ўзи сингари истеъдодли тенгдошлари бир жойга жам бўлишидан мамнун. Айниқса, Бўзатов туманида ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, шарт-шароитларни улар ҳам ўз кўзлари билан кўришларини истайди.
Президентимизнинг ташаббуси амалга оширилаётган мазкур фестивалда 6 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ўз маҳоратларини кўрсатмоқда.
Фестивалда ёшлар уч йўналишда, яъни «бахшичилик ва анъанавий ижро», «опера» ва «эстрада» йўналишларида ёш тоифалари бўйича иштирок этаётир. Кастингда талабгорлар жонли ижрода чиқиш қилиб, ўз имкониятларини синаб кўрмоқда.
Кастингда иштирок этиш истагини билдирган ёшлар икки хил усулда ариза беришлари мумкин. Биринчиси @reg_tanlovbot орқали онлайн ариза тўлдириш ёки кастинг ўтказиладиган кунда жонли тарзда рўйхатдан ўтиш имконияти бор.
Айтиш керакки, танловда холислик ва ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида номзодларнинг чиқишлари тўлиқ тасвирга олинмоқда. Танлов натижалари кастинг якунланган куннинг эртаси куни маълум бўлади.
Фестивалнинг якуний босқичи ва гала-концерти июнь ойининг бошида Бўзатов туманида бўлиб ўтади. Ғолиблар рўйхатидан ўрин олган ёшлар ёш тоифасидан қатъий назар пул мукофотлари билан рағбатлантирилади. Яъни, ҳар бир йўналиш бўйича биринчи ўрин соҳиби 50 миллион сўм, иккинчи ўрин эгаси 25 миллион сўм ва учинчи ўринни эгаллаган иқтидор эгаси 15 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритади.
Шаҳло Абдусаидова,
«Республика ёшлар овози» фестивали медиа штаби аъзоси
ЎзА