Бойсунда олма сайли бошланди
Бугун мафтункор тоғлар қўйнидаги Бойсун туманида “Олма сайли” фестивали бўлиб ўтмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 24 апрелдаги “Републиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора–тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган фестиваль байрамона рухда безатилган “Ёшлар боғи”да турфа олма мевалари, миллий таомлар ва миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси билан бошланди.


Мутахассисларнинг айтишича, кейинги йилларда мамлакатимизда сархил мева етиштириш учун катта имконият ва қулай муҳит яратилгани, боғдорчиликнинг интенсив усуллари кенг жорий этилаётгани бойсунлик соҳибкорларнинг соҳага қизиқиш ва интилишини янада оширди. Айни пайтда тоғли туманда юзга яқин фермер, тадбиркор ва деҳқон хўжалигининг 624 гектар олма боғи мавжуд. Жорий йилда боғбонлар 248 гектар ҳосилга кирган олмазордан олти минг тоннадан ортиқ мева териб–йиғиб олди. Олма парваришлашда маҳаллий ҳудудга хос тажриба тўпланган туманда азалдан Бойсун навли серсув ва ширин олма парваришланган бўлса-да, сўнгги йилларда Крепсон, Симиренко, Голден, Карлик каби кўплаб турдаги серҳосил олма навларини парваришлашга ҳам эътибор кучайди. Айниқса, пурвиқор тоғларга туташиб кетган Дуоба, Хўжаидод, Ўрмончи, Мачай, Дарбанд, Авлод каби маҳаллаларда етиштирилган олмалар мўътадил қуёш нурига тўйинган ва сервитаминлиги, харидоргирлиги билан мамлакатимиздан ташқарида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.


Сурхондарё вилоят ва туман ҳокимлиги, вилоят туризм бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбир жанубдаги вилоятнинг туризм салоҳиятини хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳларга кенг намойиш этиб, агротуризмни тарғиб қилиш, олма етиштириш, унинг экспортини янада ривожлантириш, соҳибкорларнинг тоғли ҳудудларда олма парваришлаш ва етиштиришдаги ютуқ ҳамда бой тажрибасини оммалаштиришга қаратилган.


Фестиваль якунида олма етиштиришда “Энг фаол маҳалла”, “Энг фаол ташкилот”, “Энг ширин олма боғи яратувчиси” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланади. Эстрада ва фольклор жамоаларининг қизиқарли концерт дастури намойиш этилади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири