Боёвутда ИЭС қурилиши режалаштирилмоқда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда энергетика тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини энергия ресурслари билан барқарор, шу билан бирга сифатли таъминлаш мақсадида қатор йирик лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, 2020 йилнинг февраль ойида Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида қуввати 1574 МВт (Сирдарё-2) бўлган иссиқлик электр станциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва кейинчалик ундан фойдаланиш мақсадида юқори қувватга эга компанияларни аниқлаш бўйича танлов эълон қилиниб, танловга 45 та компания қизиқиш билдирган эди.

2021 йилнинг 19 ноябрь куни бўлиб ўтган тендер савдоларининг натижаларига кўра, Energy de France (EDF), Nebras Power Investment Management B.V., Sojitz Corporation компаниялари ғолиб чиқиб, улар томонидан электр энергияси учун 0,64 АҚШ цент (газ нархидан ташқари) тариф таклиф этилди. Лойиҳа имзоланди.

Мазкур 3 компания консорциуми ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида Инвестиция келишувига асосан, Боёвут туманида 55 гектар майдонда қиймати 1,0 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган йиллик қуввати 12 млрд. кВт∙соат бўлган ИЭС қурилиши режалаштирилмоқда.
Япониянинг Sojitz Corporation компанияси расмий вакили жаноб Юсаку Накаока Боёвут туманига ташриф буюрди.

Тенг ва самарали руҳда ўтган музокарада томонлар иссиқлик электр станцияси қурилиши учун ер майдони ажратиш, лойиҳа доирасида ўзлаштириладиган чет эл инвестицияси, лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири, тегишли ташкилотлардан рухсатномалар олиш ва лойиҳанинг бошқа ижтимоий жиҳатлари ҳақида сўз борди.

Лойиҳанинг амалга оширилиши бир томондан истеъмолчиларга ишончли ва барқарор электр энегрияси етказиб бериш, шунингдек, электрга бўлган талабнинг ўсишини қондиришда муҳим омил бўлса, иккинчи томондан маҳаллий аҳолини иш билан таъминлашга хизмат қилади.
Шуҳрат Суяров, ЎзА