Боёвутда беморлар кўчма мажмуада кўрикдан ўтди
Малакали тиббий хизматни халққа яқинлаштириш, юрак – қон томир тизимида касалликлари бор беморларни эрта босқичларда аниқлаш, инфаркт хавфининг олдини олиш мақсадида Миллий тиббиёт марказининг замонавий кўчма жарроҳлик мажмуаси Боёвутга келтирилди.
–Ушбу кўчма кардиожарроҳлик мажмуаси Боёвут туманига келгани бир мендамас, мен сингари ижтимоий ҳимояга муҳтож, чекка ва олис ҳудудда яшаётган аҳоли вакиллари учун кутилмаган туҳфа бўлди,–дейди 2-Боёвут хўжалигида истиқомат қилаётган Мамлакат Умарова.– Қолаверса, кардиоскрининг, юқори технологик коронаграфия текширувлари мутлақо бепул. Барча харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қоплаб берилаётганлигини эшитиб, кардиоскринингдан ўтдим. Натижа яхши чиқмаганлиги туфайли малакали мутахассислар томонидан юрак- қон томир тизимида коронаграфия текширувини ўтказиб, стент қўйиш учун Миллий тиббиёт марказига йўлланма беришди. Бунинг учун аҳолимизнинг саломатлигини ўйлаган, шундай шарт-шароитлар яратиб берган Юртбошимизга раҳмат.
Миллий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари Боёвут туман тиббиёт бирлашмаси мутахассислари билан ҳамкорликда 15 кун давомида юрак- қон томир тизимида муаммоси бор бўлган 1,5 мингга яқин фуқарони кардиоскринингдан ўтказиб, юрак коронар қон томирида муаммоси бор бўлган беморларга ёрдам кўрсатди.
[gallery-21704]
Натижада 81 нафарининг коронар қон томирида стент, 5 нафарининг уриб турган юрагида аорта коронар шунтлаш жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун Миллий тиббиёт марказига йўлланма тақдим этилди. Эътиборли жиҳати, кардиоскрининг, юқори технологик коронаграфия текширувлари каби ушбу амалиётлар ҳам бепул бўлиб, харажатлар давлат тиббий суғурта жамғармаси томонидан қоплаб берилади.
–Юқори қон босими, чап томонда санчиқ, юрак –қон томир тизимидаги муаммо туфайли Навоий маҳалласидаги оилавий шифокорлик пунктида “Д” назоратида тураман,–дейди 70 ёшни қаршилаётган Қаршибой бобо Усмонов.– Ўтган йили шифокорлар вилоятга боришимни, у ерда юқори технологик коронаграфия текширувидан ўтиб, юрак- қон томир тизимидаги муаммонинг сабабини аниқлаш, даволаниш учун маслаҳат беришганди. Бориб -келиш, даволаниш учун имконият йўқлиги сабаб бора олмагандим. Мана бугун ҳеч қанақа харажатсиз марказ мутахассислари кардиоскрининг ва коронаграфия текширувидан ўтказишиб, юрак безовталигини, санчиқ, юқори қон босими сабабини айтишиб, тавсия ва маслаҳат беришди. Илоҳим мутахассисларимиз барака топишсин.
–Боёвутда ўтказилган кардиоскрининг, коронаграфия текширувидан шу нарса маълум бўлдики, аҳолининг юрак- қон томир билан боғлиқ муаммоларининг келиб чиқишига асосан соғлом турмуш тарзига риоя этмаслик, овқатланиш меъёрларининг бузилиши, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтмаслик, тиббий кўриклардан ўтган бўлса-да, шифокорлар тавсиясига амал қилмаслик кабилар сабаб бўлган. Бу эса, нафақат юрак- қон томир, бошқа тизимлар билан боғлиқ касалликларни келтириб чиқарган,–дейди Миллий тиббиёт маркази кардиожарроҳи Жасур Абдуллаев.–Бу ҳолат юрак коронар қон томирида стентлаш, аорта коронар шунтлаш (АКШ) жарроҳлик амалиётидан сўнг ҳам давом этса, шифокор кўрсатмасига амал қилинмаса, бундан-да жиддийроқ муаммоларни келтириб чиқаради. Саломатлик керакми, унда шифокорларнинг тавсияларига амал қилишимиз керак. Шундагина нафақат кардиологлар, бошқа мутахассисларга ҳам даво истаб боришимизга ҳожат қолмайди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири