Ботаника боғида янги лаборатория фаолиятини бошлади
Сўнгги йилларда глобал иқлимнинг ўзгариши, чўл ҳудудларининг кенгайиши туфайли шўр ва қурғоқчиликка чидамли, манзарали, мевали ўсимлик турларини кўпайтириш ва сақлаш мақсадида ботаника боғлари олимлари олдига ҳам бир талай вазифалар қўйилди.
Олимлар ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ўсимликлар турларини асраш, уларни кўпайтириш мақсадида изланишлар олиб бормоқда.
Бундай тадқиқотларни эса замонавий технологиялар билан жиҳозланган лабораториясиз амалга ошириб бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника ҳузуридаги академик Ф.Н.Русанов номидаги Тошкент Ботаника боғининг биотехнология лабораториясининг очилиши фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказиш имконини беради.
Биотехнология лабораторияси Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника институти негизида ташкил этилган бўлиб, ходимлар дунёнинг етакчи илмий ташкилотларида амалиёт ўтаган.

Лабораториянинг техник базаси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2021 йилдан 2024 йилгача молиялаштирилган “in vitro усулида доривор ўсимликларни кўпайтириш ва ташкил этиш технологиясини яратиш” лойиҳаси маблағлари билан тўлиқ таъминланди, ускуналар сотиб олинди.

Таъкидлаш жоизки, лаборатория Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 ноябрдаги “Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида юқори самарали суюқ хроматограф масс-спектрометрини сотиб олиш имкониятига эга бўлди.
Ушбу ускуна доривор ўсимликлардаги биологик фаол моддаларнинг таркиби, шунингдек, тўқима култураларида фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказиш имконини беради.
Н.Раҳмонова, ЎзА.