Бўстонлиқда форель етиштириш оммалашмоқда (+видео)
Тошкент вилоятида балиқчилик тармоғини ривожлантириш мақсадида соҳага замонавий интенсив кичик ҳавзалар, ёпиқ сув айланма тизими ва қафас мосламаларида балиқ етиштириш технологияларини жорий этиш орқали интенсивлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Бўстонлиқ туманига ОАВ вакиллари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш, яъни, хонадонларда балиқ етиштириш жараёнлари ва мазкур соҳада экотуризмни ривожлантиришга қаратилган бир қатор лойиҳалар билан танишилди.
Маълумотларга кўра, ҳозир Тошкент вилоятида 7,5 минг гектар сунъий сув ҳавзаларида 560 ҳамда 3,6 минг гектар табиий сув ҳавзаларида 10 балиқчилик хўжаликлари фаолият юритмоқда.
[gallery-12221]
– Балиқ личинкасини ишлаб чиқарувчи 13 инкубация цехи ҳамда 917 гектар репродуктив ҳавзалар мавжуд, – дейди "Тошкентбалиқсаноат" МЧЖ раҳбари Азаматбек Раҳмонов. – Балиқ личинкасини ишлаб чиқаришдан тортиб, ем ишлаб чиқариш, қайта ишлашгача бўлган жараёнларни жамлаган 6 кластерлар фаолият юритмоқда. Ҳудудда соҳани ривожлантиришнинг ҳозирги кундаги асосий негизи бўлган интенсив усулда балиқ етиштириш технологиялари жорий этиш янада ривожлантирилиб, мавжуд сунъий сув ҳавзалари қайта реконструкция қилиш ҳисобига балиқ етиштириш ҳосилдорлиги 3-4 баробарга ошмоқда.
Таҳлилларга кўра, ҳозир Қуйи Чирчиқ туманида 145 гектар, Янгийўл туманида 64 гектар, Ўрта Чирчиқ, Чиноз туманларида 60 гектардан, Бекобод туманида 45 гектар, Зангиота туманида 28 гектар, Юқори Чирчиқ туманида 25 гектардан сунъий экстенсив ҳавза майдонларида интенсивлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ўтган давр мобайнида умумий қиймати 175,4 миллиард сўм бўлган 16 янги балиқчилик лойиҳалари амалга оширилиб, 248 иш ўринлари яратилган.
Пресс-тур давомида журналистларга Бўстонлиқ тумани ҳудудида жойлашган "Шарқ балиғи" масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар билан таништирилди. Бу ердаги балиқчилик хўжалигида ёпиқ сув айланма тизими ускунаси ташкил қилинган бўлиб, совуқ сув балиқлари сирасига кирувчи форель балиқлари боқиляпти.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/RAeHDZl_q84" title="Бўстонлиқда форель етиштириш оммалашмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Мазкур лойиҳа қиймати 3,5 миллион доллардан иборат. Ҳозирда биринчи босқич амалга оширилган ва етиштирилаётган маҳсулотлар ички бозорга етказиляпти. Хўжаликда 8 доимий иш ўрни яратилган бўлиб, 40 бассейнда балиқ етиштириш ишлари йўлга қўйилган. Келгусида бу саъй-ҳаракатлар кенгайтирилади.
Навбатдаги манзил “Ғазалкент” сув омборида “Тошкентбалиқсаноат” МЧЖ томонидан қафас (садок) қурилмаларида форель балиғи етиштир жараёнлари кўздан кечирилди. Умумий садоклар сони 20 дан ошади, ҳар бир садокда 2-2,5 тонна балиқ етиштириш имконияти мавжуд. Бу усулнинг афзаллиги шундаки, сувини янгилаш шарт эмас ва ҳар қандай шароитда оилавий тарзда ҳам ташкил қилиши мумкин. Бу лойиҳа бўйича 2023-2025 йилларда қиймати 11 миллиард сўм бўлган йирик лойиҳа амалга оширилиб, йилига 200 тонна балиқ етиштиришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Келгусида ташкилотчилар томонидан ҳудуддаги аҳоли хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштириш ишларини янада кенгайтириш, аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш мақсадида, вилоят бўйича жами 900 хонадонларда интенсив усулда балиқ етиштириш ишлари ташкил этилади.
Пресс-тур давомида журналистлар соҳа мутахассислари билан суҳбатлашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Мусаев, Д.Эрназаров, ЎзА. (сурат)