Бўстон туманида янги савдо маркази иш бошлади
Юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби Андижон вилоятининг шаҳар ва қишлоқларида ҳам қурилиш, бунёдкорлик, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, хусусан, аҳолига қулайликлар яратиш, савдо хизмати кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бўстон тумани марказидаги Пиллакор маҳалласида барпо этилган савдо маркази ана шу йўналишда олиб борилаётган ишларга бир мисол.

Туман ҳокими Санобархон Носирова, сектор раҳбарлари, оқсоқоллар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида савдо маркази очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар томонидан янги савдо маркази аҳолига катта қулайлик яратиш билан бирга, туманда савдо хизмати кўрсатиш сифатини яхшилашга, бўстонликларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

“Бўстон электроникс” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 10 миллиард сўмга тенг лойиҳа доирасида барпо этилган савдо марказида озиқ-овқат, трикотаж, маиший техника маҳсулотлари, мебель, хўжалик жиҳозлари билан савдо қиладиган алоҳида бўлимлар ташкил этилди. Савдо мажмуасининг ишга тушиши билан 25 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА