Босния ва Герцеговинада кўриш даражаси пасайган
Босния ва Герцеговинанинг кўплаб шаҳарларида ҳаво ифлосланиши ортиб бораётгани сабабли кўриш даражаси пасайгани қайд этилди.
Ҳаво сифатини ўлчаш технологияси компанияси – IQAir маълумотига кўра, мамлакат пойтахти Сараевода ҳаво ифлосланиши даражаси 198 га тенглашиб, ҳавоси дунёдаги энг ёмон ҳудудлар рўйхатида юқори ўринни эгаллаган.
Мутахассислар айтишича, Болқон ярим оролининг тарихий ва табиий гўзаллиги билан машҳур Сараево шаҳрида одатий ҳолга айланган ҳаво ифлосланишига эски енгил автомобиллар, кичик автобуслар ва тижорат транспортларидан чиқаётган газ ҳамда иситиш учун ишлатиладиган сифатсиз ёнилғи сабаб бўлган.
Босния ва Герцеговина Федерацияси гидрометеорология ташкилоти Травник, Високо ва Зеница шаҳарлари ҳамда пойтахт аҳолисини ҳаво кучли ифлосланганидан огоҳлантирган.
Статистикага кўра, ҳаво ифлослиги бўйича дунёда Ҳиндистон пойтахти Янги Деҳли биринчи, Сараево иккинчи, Сербия пойтахти Белград учинчи, Покистоннинг Лаҳор шаҳри тўртинчи, Шимолий Македония пойтахти Скопье эса бешинчи ўринда туради.