Бошқирдистон билан минтақалараро ҳамкорлик форуми
Хабарингиз бор, шу кунларда Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Нукус, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида қатор учрашувлар, мамлакатимиз саноат салоҳияти ҳамда тарихи ва маданияти билан танишишга қаратилган тадбирлар ташкил қилинди.
Жумладан, бугун пойтахимизда Бошқирдистон билан минтақалараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди. Республиканинг сармоявий ва иқтисодий салоҳияти намойиш қилинган анжуманда ҳукумат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, йирик корхоналар, кичик ва ўрта бизнес вакиллари иштирок этди.
Учрашувдан кўзланган мақсад ўзбек компанияларини Бошқирдистондаги қулай инвестициявий муҳит билан таништириш, муваффақиятли лойиҳалар ташкил этишга муваффақ бўлган ишбилармонлар ўртасида тажриба алмашиш эди.
[gallery-7159]
Бугунги кунда Бошқирдистон ҳудудида ўзбек капитали иштирокида 56 корхона савдо ва ресторан фаолияти, қурилиш ва уй-жой, кўчмас мулк операциялари, юридик хизмат, озиқ-овқат, мебель, қоғоз маҳсулотлари, саноат ускуналари ишлаб чиқариш, тўқимачилик, шунингдек, ёғочни қайта ишлаш ва транспорт тизимида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Томонлар минтақалараро ҳамкорлик форуми бевосита бизнес йўналишида икки томонлама салоҳиятни очиб беришга қаратилганини қайд этди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, кимё, тўқимачилик соҳаларида саноат кооперацияси салоҳиятидан унумли фойдаланиш каби долзарб мавзулар кўтарилди. Бош вазир Андрей Назаров Бошқирдистоннинг инвестициявий имконияти, савдо корхоналари фаолияти хусусида, умуман минтақа ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон ва Бошқирдистон мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланмаётгани, кўп қиррали ҳудудлараро шериклик кўламини кенгайтириш учун улкан имконият борлиги таъкидланди.
Яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 500 миллион долларга етказиш режалаштирилгани эълон қилинди. Ушбу мақсадга, жумладан, Ўзбекистон ҳудудлари ва Бошқирдистонда жойлашган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни доимий фаолият кўрсатаётган “шоу-румлар”да намойиш этиш учун умумий савдо уйлари очиш орқали эришиш мумкин.
Томонлар саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ихтисослаштирилган кўргазмалар, ярмарка ва бизнес-форумларда корхоналарнинг тизимли иштирокини таъминлаш бўйича чоралар кўриш зарур, деган тўхтамга келди.
Кимё, қурилиш материаллари ва фармацевтика саноатида рақобатбардош, харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш қувватини яратиш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширишга қизиқиш билдирилди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, форум иштирокчилари корхоналар ўртасида самарали ишлаб чиқариш занжирини яратиш, масалан, Ўзбекистонда Бошқирдистондаги мебель кластерига ўхшаш қўшма мебель саноат кластерини ташкил қилиш ғояси илгари сурилди.
Россия делегациясининг мамлакатимизга ташрифи якуни бўйича қарийб 200 миллион долларга тенг 19 та инвестициявий битим ва шартнома имзоланди.
В2В шаклидаги учрашув икки томон бизнес вакилларига маҳсулот ва хизматларни намойиш этиш, экспорт салоҳияти ва ҳамкорликнинг бошқа устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашиш имконини яратди.
Эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Бошқирдистон ўзаро манфаатли муносабатни ривожлантириш борасида юксак салоҳиятга эга эканини, бундай конструктив мулоқотлар, амалий саъй-ҳаракатлар, ўз навбатида, муносабатни янада фаоллаштириш учун мустаҳкам асос бўлишини яна бир бор тасдиқлади.
Беҳруз Худойбердиев,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА