Бошқарувда замонавий компетенцияларни ривожлантириш – муҳим омил
Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ташаббуси билан Наманган давлат техника университетида стратегик самарадорлик ва замонавий компетенцияларни ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик учрашуви ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 майдаги “Истиқболли кадрларни мақсадли тайёрлаш ҳамда уларни давлат бошқаруви ва хизматига самарали жалб этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Президент ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Бошқарув самарадорлиги агентлиги Наманган филиали, Наманган вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, давлат органлари, ташкилотлар, ҳокимликлар ва хусусий секторда фаолият юритаётган 200 нафарга яқин истиқболли кадрлар қатнашди.
Мазкур ҳужжатда давлат бошқаруви тизими учун замонавий билим ва компетенцияларга эга, стратегик фикрлайдиган, профессионал ва ватанпарвар раҳбар кадрларни тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини узлуксиз ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Ушбу фармонда айниқса, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш эҳтиёжларига мос, ислоҳотларни амалий натижаларга айлантира оладиган замонавий бошқарув кадрларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров, Бошқарув самарадорлиги агентлиги Наманган филиали бошлиғининг муовини Жаҳонгир Эргашев давлат бошқаруви самарадорлигида замонавий раҳбар хусусиятлари тўғрисида сўз юритди.


Қайд этилганидек, давлат сиёсати ва бошқаруви академияси айни шу вазифаларнинг ижросини таъминлашда бошқарув учун стратегик фикрловчи, юқори масъулият ва замонавий компетенцияларига эга раҳбар кадрларни тайёрлаш, илм-фан, таълим ва амалиёт интеграциясини кучайтириш ҳамда бошқарув фаолиятига илғор ёндашувларни жорий этишни ўз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаган.
Учрашувда давлат бошқарувида амалга оширилаётган ислоҳотлар, стратегик самарадорликни таъминлаш, раҳбар кадрларда замонавий компетенцияларни шакллантириш, натижадорликка йўналтирилган бошқарув маданиятини ривожлантириш ҳамда кадрлар захирасини тайёрлашнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Академия битирувчиси, Марказий банк Наманган вилояти бош бошқармаси бошлиғи Бекзод Сулаймонов карьерасидаги ўсиш ва ҳаёт тажрибаси тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди. Шунингдек, академияда ўқув жараёнлари ва яратилган шарт-шароитлар ҳамда тингловчиларнинг таълим жараёнлари бўйича фикр-мулоҳазалари акс этган видеороликлар намойиш этилди.
Давлат бошқаруви тизими учун замонавий билим ва компетенцияларга эга раҳбар кадрларни тайёрлашга қаратилган мулоқотда академияда яратилган имкониятлар, таълим дастурлари, қабул жараёнлари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, таълим маскани битирувчиларининг амалий тажрибаси ва муваффақиятли фаолият йўли иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир якунида Президент ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясига қабул жараёнлари юзасидан савол-жавоб ўтказилди. Кўплаб иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Бундай ташаббус давлат хизматида стратегик фикрлайдиган, юқори масъулиятли, замонавий билим ва кўникмаларга эга раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш, ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси мақсадларига эришишга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА