Бош прокуратурада давлат тилига оид тадбир
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда тилга бўлган юксак эътибор намунаси бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда тилга бўлган юксак эътибор намунаси бўлди.
Фармон асосида давлат тилининг нуфузини кўтаришга қаратилган чоралар белгиланганини халқимиз қўллаб-қувватламоқда. Мазкур ҳужжатнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг тарғиб қилишга оид тадбирлар ҳам ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида фармон моҳияти ва ижросига бағишланган анжуман ташкил этилди. Унда тизим ходимлари, тилшунос олимлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, ҳудудий прокуратуралар видеоселектор орқали иштирок этди.
Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашев ўзбек тилининг жамият ҳаётидаги ўрни, унинг нуфузи нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам юксалиб, жаҳонда ўзбек тилини, бу орқали миллий маданиятимиз ва урф-одатларимизни ўрганишга қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлади.
1989 йил 21 октябрда эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилиб, интилиб ва курашиб келган давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши мамлакат суверенитети ва мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Айнан ана шу тарихий ҳужжатга биноан ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.
Прокуратура органлари томонидан “Давлат тили тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги ва бошқа қонунларнинг давлат тили билан боғлиқ талабларига риоя этилиши устидан назорат амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг фармони эса соҳадаги ишларни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, тадбир давомида прокуратура ходимлари учун китоб ярмаркаси ташкил этилиб, унда “Ўзбекистон” ва “Шарқ” нашриёт-матбаа ижод уйлари ҳамда “Ўздавкитобсавдотаъминоти” корхонасининг маърифий, бадиий, диний, илмий-оммабоб адабиётлари, жаҳон адабиёти дурдоналари, болалар учун китоблари савдоси амалга оширилди.
Муаттар РЎЗИБОЕВА.