“Борсакелмас” давлат буюртма қўриқхонасининг сирли олами
Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси ҳузуридаги Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти таркибидаги “Борсакелмас” давлат буюртма қўриқхонасига медиа-тур ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 27 сентябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида “Борсакелмас” давлат буюртма қўриқхонасини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Қўнғирот тумани ҳудудида ташкил этилган ушбу давлат буюртма қўриқхонаси Устюрт платосида 280 минг гектар ер майдонини қамраб олган бўлиб, шундан 44 минг гектари қўриқланма зонаси сифатида ажратилган.
Бундан кўзланган мақсад, алоҳида экологик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимликлар, ҳайвонларнинг ноёб турлари ҳамда ирсий фондини сақлаб қолиш, шунингдек, уларни қайта тиклаш, инсон фаолиятининг табиатга салбий таъсирининг олдини олиш ва табиий жараёнларни ўрганишдан иборат. Шунинг учун ҳам буюртма қўриқхонаси ҳудудидаги табиий мажмуалар ва ландшафтлар, шу жумладан, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ўсимлик ва ҳайвонот турлари муҳофазага олинадиган асосий объектлар ҳисобланади.
Давлат буюртма қўриқхонаси ҳудудида 75 турдаги ҳайвон ва ўсимлик рўйхатга олинган бўлиб, улардан 12 таси Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган.
Давлат буюртма қўриқхонасининг Атроф-табиий муҳит мониторинги ва табиий мажмуалар кадастри бўйича мутахассиси Мурат Асеновнинг таъкидлашича, маҳаллий ҳайвонот дунёси 18 турдаги сутэмизувчини ўз ичига олади. Улар орасида бешта ноёб тур алоҳида эътиборга лойиқ. Корсак, сувсарлар оиласига мансуб, йиртқич сутэмизувчи асал бўрсиқ, туркман қорақоли, жайрон ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган туркман қулонидир. Шунингдек, Қизил китобга қушларнинг 46 тури, жумладан, тувалоқ, бургут ва оққуш каби қимматли турлар киритилган. Судралиб юрувчиларнинг ўн битта туридан тўрттаси муҳофаза мақомига эга. Ўрта Осиё чўл тошбақаси, қум юмалоқ боши, мамлакатимизнинг Қизилқум, Зарафшон водийси ва тоғлари, Фарғона водийси ҳамда Сурхондарё вилоятларидаги текислик ва тоғолди қисмларида кенг тарқалган шарқ бўғма илони ва Евросиёнинг чўл, яримчўл ҳудудларида кенг тарқалган, кескин континентал иқлимга мослашган, ҳашаротлар билан озиқланувчи ранг-баранг калтакесакдир. Ўсимликлар дунёси 29 турдан иборат бўлиб, улардан тўрттаси давлат муҳофазасига олинган.
Тадбир иштирокчиларининг дастлабки манзили “Барсакелмес” шўр кўли бўлди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур кўл 21 миллион йил олдин йўқолиб кетган қадимги Тетис океанининг ноёб қолдиғидир. Бу туз конининг узунлиги 75 километр, кенглиги 70 километрдан 72 километргача, чуқурлиги 30-60 метргача бўлиб, умумий захираси 105 миллиард тоннага тенг. Ҳозирги кунда узунлиги 90 километр, кенглиги 50 километр бўлган бу улкан шўрхокдан Қўнғирот сода заводи эҳтиёжлари учун хомашё қазиб олинмоқда.
[gallery-30506]
“Борсакелмас” деб нима учун аталгани ҳақида, ривоятлар жуда кўп. Уларда айтилишича, шўр кўлнинг ичида “Шайтон қалъа” деб аталадиган қадимги шаҳар бор. Бу шаҳарда кўп миқдорда олтин кўмилган. У милоддан аввалги IV асрда Қадимги Хоразмда ҳукмронлик қилган, Сиёвушийлар сулоласига мансуб Фарасманга тегишли бўлган. У ўз давлатининг мустақиллигини дипломатик йўл билан сақлаб қолган тарихий шахс сифатида танилган. Неча асрлар давомида ушбу олтинларга эгалик қилиш ниятида бу ерларга отланган кўплаб одамлар изсиз йўқолган. Шунинг учун “борсанг, қайтиб келмайсан” деган гап тарқаб, бу ерга шу ном берилган, дейилади.
“Борсакелмас” дарҳақиқат номига мос. Чунки, кўлнинг ичида айланиб юриш жуда хавфли. Кўл ичида юпқа туз қатлами билан қопланган чуқурликлар жуда кўп. У ерлар кўзни очиб-юмгунча номаълум чуқурликларга тортиб кетади.
Қўриқлаш ходимлари тадбир иштирокчиларига “Шайтон қалъа” ҳақида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган турли афсоналар ҳақида сўзлаб беришди. Қуёш ботаётганда соялар ва тузлар қора деворлар ва минораларнинг ажойиб кўринишларини ҳосил қилади, уларга яқинлашмоқчи бўлсангиз, изсиз ғойиб бўлади. Бундай шароитда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш жуда муҳим. Фақат гуруҳ бўлиб, ўта эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш ва ҳамроҳлардан ажралмаслик керак. Чунки мустаҳкам кўринадиган туз қобиғи ортида чуқур ёриқлар ва шудгорлар яширинган бўлади.
Тадбир иштирокчилари бу ерда хизмат қиладиган ходимларнинг яшаш шароитлари билан ҳам яқиндан танишди. Қўриқхона ҳудудида 16 нафар қўриқлаш ходими 10 кунлик навбатчилик давомида рейд мониторинг ишларини узлуксиз олиб боради. Уларнинг хизмат вазифасини сифатли олиб бориши учун махсус ер ости уйи барпо этилган. Шароитни янада яхшилаш мақсадида қуёш панеллари ўрнатилиб, баландлиги 12 метр бўлган “кузатув станцияси” барпо этилган. Ходимлар у ерга чиқиб, махсус асбоб орқали кузатиш ишларини олиб боради. Қўриқхонанинг ҳар бир ходими замонавий алоқа воситалари ва телефондаги онлайн хариталар билан таъминланган. Улар қўриқхона ҳудудидаги ўсимликлар ва ҳайвонотларни назорат қилиб боради. Қўриқлаш ходимлари қишнинг аёзли кунларига ва ёзнинг иссиғига қарамасдан хизмат вазифаларини сидқидилдан адо этиб келмоқда.
Медиа-тур доирасида иштирокчилар Аланқалъа шаҳарчасидаги табиий қудуқда, Гуркиреук деб номланган шифобахш булоқда бўлиб, XVIII асрнинг охири XIX асрнинг бошларида яшаб ўтган қозоқ халқининг ботири Ершебойнинг табаррук қабрини зиёрат қилишди. “Борса-келмас” давлат буюртма қўриқхонасининг ўзига хос табиати, бепоён ва сирли ерлари, ноёб ўсимликлар ва ҳайвонотлар дунёси, ҳудуддаги тарихий қалъалар, табиат мўъжизасида барпо этилган кўл ва тепаликлар ҳар биримизда унутилмас таассурот қолдирди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари.