Бор меҳримиз сенга, болажон!
Республика ихтисослаштирилган гематология ва қон қуйиш илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимларида «Адолат» СДП сиёсий кенгаши томонидан «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилди.
Ҳар йили Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этилиб, анъанага айланиб улгурган мазкур хайрия акцияси карантин шароити ҳамон давом этаётган бугунги кунда жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди.
Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг республика бўйлаб барча ҳудудлардан кенгаш ходимлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, «Аёллар қаноти», «Ёш адолатчилар» кенгаши аъзолари, партия фаоллари ва кўплаб юртдошларимиз савобли ишга ҳиссаларини қўшиш мақсадида хайрия акциясида иштирок этишди. Донорлар орасида давлат, жамоат арбоблари, турли вазирлик, муассаса, ҳамда ташкилотлар масъул ходимлари, халқ ардоғидаги ёзувчи, шоир, санъаткорлар ҳам бор.
Мазкур акцияни ўтказишдан мақсад тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилган.
Тадбирда кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматлари эътироф этилиб, рағбатлантирилди ва миннатдорлик билдирилди.
Акция давомида барча донорлар бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ҳамда уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшганидан хурсанд эканини билдиришди.
– Ушбу кўнгиллиларни бирлаштириб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намуналарини ўзида акс эттирган акция болажонлар учун чин маънодаги ғамхўрлик белгиси бўлди, – дейди партия марказий аппарати бошқарма бошлиғи Гулнисо Саидова. – Беғараз донорлик кимнингдир саломатлиги, унинг ҳаёти учун ҳадя этиладиган бебаҳо неъматдир.
Давлатимиз томонидан қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Албатта, партия электорати ва фаолларининг мазкур соҳа фаолияти самарадорлигини оширишга ҳисса қўшиши янада муҳим. Бу ўринда тарғибот ишлари билан бирга, партия фаолларининг кўнгилли донорлар қаторида бўлиши эса ибратлидир.
Вилоятлар ва туманлар марказидаги кўп тармоқли болалар шифохоналарида ўтказилган беғараз донорлик акциясида турли касалликлар ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ва уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган юртдошларимиз ихтиёрий равишда қон топширдилар.
Дард ҳаётга чанг солганда бутун дунё тор кўринади. Шундай дамларда дард ва изтироб чекаётган инсон биргина тиббиёт ходимидан эмас, балки мурувватли инсонлардан ҳам нажот кутади. Қон топшириш орқали бир беморни ҳаётга қайтаришга, унга ҳаётнинг бетакрор онларини кўришга кўмаклашган бўламиз. Бугунги акцияда шундай фикрли инсонлар кўплигига яна бир бор амин бўлдик. «Адолат» СДП ташаббуси ушбу меҳр-оқибат занжирини янада жипслаштириб, бемор болажонларнинг тезроқ соғайиб, шифо топишларида етакчи омил бўлаётир.
2002 йил қабул қилинган «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни юртимизда бу борадаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади. 2016 йили мазкур қонунга бир қанча ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, жумладан, унга кўра «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони таъсис этилди. Бундан асосий мақсад қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантириш, аҳолининг кенг қатламларини бепул донорликка жалб этишдан иборатдир.
2013 йили Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи асосида «Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш тартиби тўғрисидаги Низом» тасдиқланган. Унга мувофиқ 18 ёшга тўлган ва тиббий кўрикдан ўтказилган шахс донор бўлиши мумкин. Донорлар дастлаб сўровномани тўлдириш ва суҳбат ўтказиш йўли билан танлаб олинади.Хайрия акцияси доирасида тиббиёт ходимлари соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз, шу билан бирга, фойдали эканлигини таъкидлади. Иштирокчилар ўртасида донорликнинг организм учун фойдали жиҳатлари, афзалликлари хусусида кенгроқ тушунча берилди. Бугунги тадбирнинг бош мақсади ҳам инсонларда қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги ва қон донорларининг зарурлигини чуқурроқ англаб етишни шакллантиришдир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА