Бор куч ва имкониятни ишга солиб
Шу кунларда юртимизда ризқ-рўзимиз ғалла ўрими қизғин бормоқда. Заҳматли меҳнат эвазига етиштирилган ҳосилни нобуд қилмай йиғиб олиш учун ғаллакорлар бор куч ва имкониятни ишга солган.
Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, 2023 йил ҳосили учун Наманганда 67 минг 750 гектар майдонга бошоқли дон экилган. Ҳосилдорликни ўртача 78,4 центнерга етказиб, 531 минг тоннага яқин дон олиш режалаштирилган. Чўлқуварлар замини – Мингбулоқдаги 312 та фермер хўжалиги томонидан 9085 гектар майдонда буғдой етиштирилди. Туманда биринчилардан бўлиб “Истиқбол” ММТП ҳудудидаги “Муҳаммад сардор азиз” фермер хўжалигида ғалла ўримига киришилди.

Айни пайтда пишиб етилаётган ҳосилни юқори унумдор комбайнлар ёрдамида қисқа фурсатларда қабул масканларига етказиш мақсад қилинган. Умуман туман бўйича мавсумда 54 та махсус отряд ташкил этилиб, буларга 270 тадан ортиқ зарур техника жалб қилинди. Учқўрғон туманида эса фермер хўжаликлари томонидан жорий йил бошида ғалладан 100 центнер, пахтадан 50 центнер ҳосил олишни мақсад қилиб, ишга киришилди. Улкан марралар сари ҳаракатлар ўз натижасини беришни бошлади. “Деҳқон қаноти” ММТП ҳудудида жойлашган “Фарҳод замин толаси” фермер хўжалиги азамат деҳқонлари ғалладан 100 центнердан ҳосил олмоқда. Ҳали ўрим ишлари давом этаётган бўлса-да, режа ортиғи билан бажарилди.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан жойларда мавсум давомида турли хил кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Фермер хўжаликларда мавсумга жалб қилинган техникалар бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ҳамда учқун сўндиргич билан жиҳозланиши эслатиб ўтилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.