Болажонлар мириқиб дам олишади
Айни пайтда сўлим гўшалардаги болалар оромгоҳлари болажонларнинг шўх-шодон кўлгуси билан тўла. Ёзги таътилни мана шундай сўлим гўшаларда ўтказган қандай яхши.
Аммо ҳамма болажонлар ҳам бундай имкониятга эга эмас. Шу боис “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилояти бўлими хайрли ташаббусни амалга оширди. Ҳудудлардаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларини оромгоҳларда дам олишига имкон яратди.

Жумладан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилояти бўлими ҳисобидан Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида жойлашган “Мирзо Улуғбек” номли оромгоҳга 7 та тумандан жами 20 нафар болажон дам олишга юборилди.
–Бу хайрли ишимиз ҳали давом этади, – дейди фонднинг вилоят бўлими раҳбари Нурали Маҳматов. – Айни пайтда болалар оромгоҳларида иккинчи мавсум кетяпти. Учинчи мавсумда ҳам яна 20 нафар кам таъминланган оила фарзандлари жўнатилади. Мақсадимиз болажонларга қувонч улашиш, уларнинг ёзги таътилни мароқли ўтказишларига кўмаклашиш. Болажонлар оромгоҳда 10 кун давомида дам олади.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири