Бўлажак шифокорлар билан учрашув
Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Хуршид Ҳакимов Тошкент тиббиёт академияси ва Тошкент педиатрия институти ва бошқа тиббиёт институтлари битирувчи талабалари билан учрашди.
Тадбирда пойтахтдаги етакчи тиббий муассасаларни тамомлаётган вилоят йигит-қизларини ишга жойлаштириш юзасидан фикр алмашилди. Айни кунда Сирдарё вилоятида 25 шифохона, 132 амбулатория-поликлиника фаолият юритмоқда. Уларда 3 мингдан зиёд шифокорлик иш ўрни мавжуд. Бугунги кунда ана шу жойларда 1 минг 586 нафар шифокор меҳнат қилмоқда.

Учрашувда бўш иш жойларига ихтисослиги тўғри келадиган битирувчи ёшларни жалб этиш зарурлиги қайд этилди.
Жорий йилда Тошкент тиббиёт академиясининг бакалавр босқичини тамомлаётган 27 нафар вилоят ёшлари орасида боёвутлик Жамолиддин Баҳромов ҳам бор.

– Ўқиш давомида соҳани пухта ўзлаштиришга ҳаракат қилдим, – дейди у. – Ниятим яхши шифокор бўлиб, ўзим туғилиб ўсган Боёвутда, туман тиббиёт бирлашмасида ишлаб, халқимизга, Ватанимизга хизмат қилиш. Бунда Тошкент тиббиёт академиясида олган билим ва малакам қўл келиши шубҳасиз.
Ҳозирги кунда Сирдарё вилоятида анестезиолог-реаниматолог шифокорлар, шунингдек, фтизиатр, педиатр, терапевт, акушер-гинеколог, уролог, офтальмолог ва бошқа ихтисосликлар бўйича шифокорга эҳтиёж бор. Айни кунда кадрлар таъминоти билан боғлиқ бу масалани ижобий ҳал қилиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
Баҳс ва мунозарага бой бўлган учрашувда битирувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА