Бўлажак педагоглар билан очиқ мулоқот ўтказилди (+видео)
Жиззах давлат педагогика университетида Пахтакор туманида истиқомат қилувчи битирувчи босқич талабалари билан “Ҳоким ва ёшлар” форматида очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбирда туман ҳокимлиги масъуллари, мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбарлари, мактаб директорлари ҳамда университет профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад олий таълим муассасаси ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёш мутахассисларни тумандаги бўш иш ўринларига мақсадли йўналтиришдан иборат бўлди.
Бугунги кунда университетнинг турли йўналишларида Пахтакор туманидан 150 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Очиқ мулоқотда уларнинг 60 нафари битирувчи босқич талабалари иштирок этди.
Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Мадина Турғунованинг таъкидлашича, ҳозирги кунда тумандаги таълим муассасаларида 23 та бўш иш ўрни мавжуд. Ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш мақсадида иш бошлаган ҳар бир педагогга “Устоз-шогирд” анъанаси асосида тажрибали устозлар бириктирилади.
Таҳлилларга кўра, битирувчиларнинг 36 нафари ҳозирнинг ўзидаёқ мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида педагогик фаолиятини бошлаб, доимий иш ўрнига эга бўлган. Қолган ёшларга эса тумандаги эҳтиёждан келиб чиқиб йўлланмалар берилди.
Мулоқот давомида талабалар таълим сифати, мактабларда лаборатория машғулотларини ташкил этиш ва ёш ўқитувчилар учун яратилаётган шароитлар юзасидан ўз таклифларини билдирди. Илгари сурилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Бундай учрашувлар ҳудудлардаги кадрлар эҳтиёжини қоплаш, ёш мутахассисларни иш билан таъминлаш ва уларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/DSaXEIUgh0U" title="Bo`lajak pedagoglar bilan ochiq muloqot o`tkazildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жамшид ЁРБЕКОВ олган (сурат ва видео), ЎзА