Бўлажак божхоначиларга диплом топширилди
Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида битирувчиларга диплом топшириш тадбири тантанали равишда бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Давлатимиз мадҳияси садолари янгради. Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти бугунги божхона аввалгисидан тубдан фарқ қилишини, ислоҳотлар натижасида энди божхона «чегарада дарвоза қўриқчиси» эмас, балки «тўғри йўлга чорловчи», ташқи савдога кўмакчи идора сифатида янги имижда намоён бўлаётганини қайд этди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Эркин Солиҳов ва бошқалар битирувчиларни табриклади.
Тадбирда Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов олийгоҳ битирувчиларига дипломларни топширди. Шуни ҳам айтиш жоиз, 149 нафар битирувчилар орасидан 13 нафари институтни имтиёзли диплом билан битирди.
Божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида ушбу олий ўқув юртида таҳсил олган курсантлар энди божхона хизмати лейтенанти сифатида Янги Ўзбекистоннинг эртанги кун божхонаси эгаси сифатида хизматга киришади.

Тантанали тадбир таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастурига уланиб кетди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА