Болаларимиз соғлом ва шод бўлсин (+видео)
Ёз фасли болалар учун нафақат таътил, балки соғлом ҳаёт ва ривожланишнинг энг яхши имкониятидир.
Ёз ойларида болалар кўпроқ очиқ ҳавода бўлишади, ўйинлар ўйнашади, спорт билан шуғулланишади. Бу эса иммунитетни мустаҳкамлайди, танани чиниқтиради. Шунингдек, ёз фасли – болалар учун янги нарсаларни ўрганиш, саёҳат қилиш, дўстлар билан мулоқот қилиш учун яхши имконият.
Болаларнинг ёзги дам олиш кунларини мароқли, сермазмун ўтказиш мақсадида оромгоҳларда турли тадбирлар ўтказилмоқда.
Тошкент шаҳридаги 30-сонли "Меҳрибонлик уйи" тарбияланувчилари дам олаётган “Нур” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ёзги мавсумнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Бу йил “Нур” болалар соғломлаштириш оромгоҳи болалар учун янги қиёфа касб этди. Очилиш маросими эса ҳақиқий байрам бўлди.
Маросимда Миллий гвардия қўмондонлиги, Миллий гвардия қошидаги Болалар психологияси маркази мутахассислари шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакиллари иштирок этди.
Оромгоҳда “Долзарб 90 кун” дастури доирасида футбол майдони барпо этилиб, кўплаб спорт жиҳозлари ўрнатилди. Хиёбоннинг зарур жойлари ҳам янгиланди. Анъанага кўра, мавсумнинг очилиши оромгоҳ гулхани билан нишонланди.
— "Нур" оромгоҳи очилгани болалар учун хурсандчилик бўлди. Бу ерда болалар дам олишади, соғлом овқатланишади, янги дўстлар орттиради. Биз учун энг муҳими — болалар юзида табассум кўриш. Давлатимиз томонидан шундай шароитлар яратилаётгани учун миннатдормиз. Болалар ёзни мазмунли ва фойдали ўтказаётгани биз учун катта бахт, — дейди 30-сонли "Меҳрибонлик уйи" директор ўринбосари Самандар Норбўтаев.
Шу тарзда “Нур” оромгоҳидаги 2025 йилнинг ёзги мавсуми ёрқин ҳис-туйғулар, кутилмаган совғалар, спорт ўйинлари ва катталарнинг ғамхўрлиги билан бошланди.
Олдинда эса болаларни кашфиётлар, дўстлик ва хурсандчиликка тўла бутун бир фасл - бутун мавсум кутмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/AdL6dd5twhY?si=2oAuFTygpP8ozES5" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, У.Тўхтаев, ЎзА