Болаларга меҳр ва завқ улашилди
Фарғонада вилоятидаги оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари ҳамда васийлик ва ҳомийликка олинган болалар учун Янги йил байрами тадбири ташкил этилди. Унда шаҳар ва туманлардан келган 102 нафар ўғил-қизлар, уларнинг тутинган ота-оналари, васийлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров йиғилганларни кириб келаётган Янги йил байрами билан табриклаб, тадбирда иштирок этаётган ўғил-қизлар келажакда Ватанимизга, халқимизга садоқат билан хизмат қиладиган инсонлар бўлиб етишишларига тилак билдирди.
Мамлакатимизда тақдир тақозоси билан ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялашга муҳим эътибор қаратилмоқда. Оила шароитида вояга етишларини таъминлашга қаратилган ташаббус, хусусан, бағрикенг халқимизнинг миллий қадриятларимиздан келиб чиққан ёндашуви натижасида етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизими жорий этилгани яхши самара бермоқда. Бугунги кунда вилоятда 15 та оилавий болалар уйи фаолият кўрсатмоқда.
[gallery-10062]
Президентимизнинг қарорлари билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга ҳамда жамиятга ижтимоийлашувига кўмаклашиш мақсадида жорий этилган “Меҳр дафтари” тизими доирасида жорий 2022 йилнинг ўзида вилоятда 197 нафар болаларга 1 миллиард 432 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди ва бу хайрли ишлар давом эттирилмоқда.
Орзу-истакларини рўёбга чиқариш бугунги байрамда ҳам давом этди. Тадбирда иштирок этаётган ҳар бир оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари ҳамда васийлик ва ҳомийликка олинган болаларга уларнинг ўзлари аввалдан билдирган истакдан келиб чиқиб Янги йил совғаси топширилди.
Болажонларнинг ҳаяжонли чақириқлари билан даврага Қорбобо ва Қорқиз ташриф буюрди. Тадбир болалар ўртасида шеър ўқиш танлови, вилоят санъаткорлари иштирокидаги куй-қўшиқлар ва байрамона рақслар билан давом этди.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров (сурат), ЎзА