Болалар кулгусидан яйраган фасл
“Таътил–2026”
Ёз — болаликнинг энг ширин хотиралари битиладиган, орзулар қанот ёзадиган, билим ва истеъдод янги қирраларини намоён этадиган фасл. Бу йил ҳам мамлакатимизда ёш авлоднинг мазмунли ҳордиқ чиқариши, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг қамровли ишлар изчил давом этмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг интеллектуал, маънавий ва жисмоний ривожланиши учун зарур шароитлар яратиш вазифалари муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур мақсадлар ижроси доирасида жойларда ёзги соғломлаштириш ва дам олдириш тадбирлари юқори савияда ташкил этилмоқда.

Жумладан, Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги 8-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Таътил–2026” ёзги соғломлаштириш мавсуми доирасида ташкил этилган “Камалак” кундузги болалар оромгоҳининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Болаларнинг қувончли кулгуси, шодон қийқириқлари ва кўтаринки кайфиятига уйғун тарзда ўтган тадбир ҳақиқий байрам тусини олди. Маданий-кўнгилочар дастурлар, қизиқарли ўйинлар ва саҳна чиқишлари иштирокчиларга унутилмас таассуротлар бағишлади. Ҳар бир чиқиш, ҳар бир қўшиқ, рақс ёш қалбларда эзгулик, дўстлик ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Тадбир давомида оромгоҳда яратилган шарт-шароитлар ҳамда ёзги таътил кунларида амалга ошириладиган машғулотлар билан таништирилди. Болалар учун хавфсиз ва мазмунли дам олиш муҳити яратилгани, уларнинг қизиқишлари ва қобилиятларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ота-оналарда ҳам катта мамнуният уйғотди.

“Таътил–2026” лойиҳасининг асосий мақсади — ўқувчиларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, спортга бўлган қизиқишини кучайтириш ҳамда соғлом турмуш тарзига интилишини рағбатлантиришдан иборат. Зеро, ёшликда олинган билим ва кўникмалар келажак пойдеворини мустаҳкамлайди.
Оромгоҳ фаолияти давомида турли танловлар, спорт мусобақалари, маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар ва қизиқарли машғулотлар ташкил этилиши режалаштирилган. Бу эса ҳар бир боланинг таътил кунларини нафақат мароқли, балки фойдали ўтказишига хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири