Бокулик мутахассислар Тошкент аэропорти фаолияти билан танишди
Фуқаролик авиациясида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва парвозлар хавфсизлигини янада ошириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ана шу мақсадда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбайжон авиация соҳаси вакиллари иштирокида ишчи учрашув ўтказилди.
Тошкент шаҳрида “Uzbekistan Airports” вакиллари ҳамда Ҳайдар Алиев номидаги Боку халқаро аэропорти ва Озарбайжон транспорт соҳаси делегацияси ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди. Озарбайжон делегацияси таркибидан аэропорт директори, Озарбайжон рақамли ривожланиш ва транспорт вазирлигининг бош маслаҳатчиси ҳамда AZCON холдинги вакиллари ўрин олди.
Ташриф доирасида меҳмонлар Тошкент аэропорти фаолияти, унинг аэродром ва терминал инфратузилмаси билан танишди. Томонлар операцион фаолиятни ташкил этиш, аэродромни техник эксплуатация қилиш ҳамда парвозлар хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ўзаро тажриба алмашди.
Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири аэродромда хавфларни бошқариш масаласи бўлди. Мутахассислар томонидан бегона жисмларни (FOD) аниқлаш ва назорат қилишнинг замонавий ёндашувлари, шунингдек, қушлар ва ёввойи ҳайвонлар билан боғлиқ хавфларни камайтириш бўйича қўлланилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Тошкент аэропортининг аэродром инфратузилмасига алоҳида эътибор қаратилди. Озарбайжон делегацияси цемент-бетон қопламали учиш-қўниш йўлагининг эксплуатация хусусиятлари билан танишди. Ушбу қоплама юқори юкламаларга чидамлилиги, узоқ хизмат муддати ҳамда турли иқлим шароитларида ишончли ва самарали фойдаланиш имконияти билан ажралиб туриши қайд этилди.
Бундан ташқари, меҳмонлар терминал мажмуаси фаолияти ва аэропортда жорий этилган замонавий технологик ечимлар билан ҳам танишди.
Учрашув якунида аэропортлар фаолиятини янада такомиллаштириш, хавфсизлик стандартларини юксалтириш ва ўзаро амалий тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА