Бокуда Туркий давлатлар ҳамжиҳатлик форуми бўлиб ўтди
Боку шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ННТларининг Иккинчи ҳамжиҳатлик форуми бўлиб ўтди.
Форум Озарбайжон Республикаси Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш агентлиги ҳамда ТДТ ННТ платформаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбир “Baku Urban Planning Week” ҳафталиги доирасида ўтказилди.

Унда Озарбайжон, Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғиз, Туркманистон, Шимолий Кипр Турк Республикаси ва Венгриядан 50 дан ортиқ фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.
Форумда халқ дипломатияси, фуқаролик жамияти, ижтимоий мулоқот ва медиа ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегацияси таркибида “Биродар шаҳарлар альянси” раиси Зокир Абидов ҳамда ижрочи директор Отабек Алимардонов иштирок этди.
Тадбирда туркий халқларнинг тарихий-маданий бирлиги ва умумий қадриятлари ҳақида фикр алмашилди.
Озарбайжон Республикаси Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш агентлиги кузатув кенгаши раиси Фауд Мамедов туркий дунё бир оила эканини таъкидлади.

“Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ННТлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.
Шунингдек, ягона онлайн платформалар яратиш ва фавқулодда вазиятларда ўзаро кўмак механизмларини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Форумнинг иккинчи қисмида Озарбайжон – Қирғизистон, Озарбайжон – Туркманистон ҳамда Озарбайжон –Шимолий Кипр ННТ ҳамкорлик форумлари ҳам ўтказилди.
Форум якунида ННТлар ва ОАВ ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, Рақамли платформаларни ташкил этиш ҳамда туркий давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА