Боку ва Самарқанд янада яқинлашди
Озарбайжоннинг “Azal Airlines” авиакомпанияси Боку ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри қатновни йўлга қўйди.
Ушбу йўналишдаги биринчи парвозни амалга оширган ҳаво кемаси 5 октябрь оқшомида Самарқанд халқаро аэропортига келиб қўнди.

Самарқандда илк рейс ва Azal авиакомпанияси вакилларини вилоят ҳокимлиги, Озарбайжон миллий маданият маркази, Uzbekistan Airports ва Air Marakanda авиакомпаниялари масъуллари кутиб олди. Меҳмонлар ва юртимиз вакиллари мазкур рейс азалий қардош халқларимиз ўртасидаги муносабатни янада мустаҳкамлаш ҳамда Самарқанд ва Боку шаҳарларида туризмни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Ушбу йўналиш бўйича парвозлар ҳафтада икки марта Airbus А320 самолётларида сешанба ва жума кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда Озарбайжон авиаташувчиси томонидан Бокудан Тошкентга ҳафтанинг пайшанба ва якшанба кунлари мунтазам қатновлар йўлга қўйилган эди. Эндиликда Самарқанд ва Боку ўртасида ҳам шундай авиаташув жорий этилди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА