Боксчиларимиз ўтган йилги мавсумда 246 та медаль жамғарди
Бокс ёшларимиз орасида энг оммалашган спорт турларидан бири.
Мазкур спорт тури бўйича улкан ютуқларга эришилаётгани барчага маълум.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимизда боксни янада ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор самарасида спортчиларимиз халқаро майдонларда юксак марраларни забт этмоқда. Хусусан, бугунги кунда ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари спорт оламининг барча нуфузли мусобақаларида юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда.
Якунланган 2025 йил Ўзбекистон бокси учун сермаҳсул натижаларга бой ва халқаро миқёсда юксак эътироф этилган мавсум сифатида тарихда қолди. Турли ёш тоифаларидаги миллий терма жамоаларимиз йил давомида дунёнинг турли қитъаларида ўтказилган нуфузли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, 110 та олтин, 65 та кумуш, 71та бронза жами 246 та медаль жамғарган ҳолда ўзбек боксчилари дунё узра ҳамон етакчи эканини яна бир бор намоён қилди.

Жумладан, боксчиларимиз Россиянинг Тамбов шаҳрида ўтган ўсмирлар ўртасидаги халқаро турнирда 10 та олтин ва 2 та кумуш, Руминияда ташкил этилган “Dracula” халқаро турнирида жамоамиз 3 та олтин ва 1 та кумуш медални қўлга киритди. Болгариянинг София шаҳрида ўтган “76-Strandja” халқаро мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси 5 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медаль билан ўз иштирокини якунлади.
Шунингдек, Сербиянинг Ниш шаҳрида аёллар ўртасида IBA томонидан ўтказилган жаҳон чемпионатида 1 та кумуш ва 3 та бронза, Бразилияда “World Boxing” кубоги I босқичида 5 олтин, 2 кумуш ва 1 бронза, Остона мезбонлик қилган World Boxing кубоги II босқичида 1 та олтин ҳамда 4 та бронза медалга эга чиққан чарм қўлқоп усталаримиз, Ҳиндистонда ташкил этилган ушбу мусобақанинг финалида 4 та олтин, 5 та кумуш ҳамда 4 та бронза медалини қўлга киритди.

Ливерпуль шаҳри мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида маҳоратли боксчиларимиз 6 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медаль билан дунёда тенги йўқ эканликларини яна бир бор исботлади.
Иорданияда ўтган ўсмирлар ва кичик ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида делегациямиз 15 тадан олтин ва кумуш ҳамда 12 та бронза медаль билан қитъада мутлақ етакчи эканини яна бир бор барчага кўрсатди. Бангкокдаги U19 ва U22 ёш тоифасидаги Осиё чемпионатида 19 ёшгача бўлган боксчиларимиз 7 та олтин, 3 тадан кумуш ва бронза, U22 ёшдаги чарм қўлқоп усталаримиз эса 8 та олтин, 6 та кумуш ва 4 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, Боку шаҳридаги “Буюк ипак йўли” халқаро турнирида 2 та олтин, 3 та кумуш ва 7 та бронза, Хабаровскдаги “Константин Коротков” хотира турнирида 4 та олтин, 5 та кумуш ва 7 та бронза, Варшавадаги “Feliks Stamm” хотира турнирида 6 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза, Бангкокдаги “Thailand Open” халқаро мусобақасида 5 та олтин, 4 та кумуш ва 7 та бронза, Нидерландиядаги “Эйндховен кубоги”да 2 олтин ва 1 кумуш, Қирғизистондаги “Қирғизистон гавҳари” ўйинларида (ўсмирлар) 7 та олтин жамғарди.
Турли ёш тоифаларидаги бокс терма жамоамиз комплекс мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этди.
Ҳусусан, Озарбайжон мезбонлик қилган МДҲ ўйинларида (ёшлар)10 та олтин, 5 тадан кумуш ва бронза, Баҳрайндаги Ёшлар Осиё ўйинларида 5 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронзага эга чиққан жамоамиз умумжамоа ҳисобида ҳар иккала мусобақада яққол пешқадам бўлди.
“Риёд-2025” Ислом бирдамлик ўйинларида чарм қўлқоп усталаримиз 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медаль билан юртимизга қайтди.
Эркаклар ўртасида IBA томонидан Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтказилган дунё биринчилигини миллий терма жамоамиз 2 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза медали билан якунлади.

Қайд этилган ушбу натижаларга эришиш ўз ўзидан бўлмаслиги барчага маълум.
Ушбу муваффақиятлар замирида Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан спортчиларнинг жисмоний, руҳий ҳолатини ўрганиш асосида терма жамоаларнинг захирасини шакллантириш, ҳудудлардан иқтидорли ёшларни излаб топиш, селекция ишларини юксалтириш, истиқболли ёш боксчиларнинг электрон маълумотлар базасини яратиш, юқори натижаларга эришаётган боксчиларни рағбатлантириш, малакали мураббийлар тайёрлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, халқаро даражада малака оширишига кўмаклашиш, аёллар боксини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар тизимли ва режа асосида олиб борилгани ётибди.
Йил давомидаги кескин ва муросасиз жангларда зафар қучган боксчиларимиз жасорати, шижоату матонати бутун дунёни лол қолдирди, десак муболаға бўлмайди.

Зеро, уларнинг бундай юксак муваффақияти мамлакатимизда спортга улкан эътибор қаратилаётгани, ёш спортчиларимизнинг юрт шаънини янада юксалтириш ниятида ҳар бир тўсиқдан мардонавор ўтиши натижасидир.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА