Бокс: янги номларни кашф этган чемпионат завқи
Бир ҳафтага яқин вақт давомида мухлисларга бокснинг шиддатли жанглар завқини тортиқ этган ўсмирлар ўртасидаги мамлакат чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди.
Эътиборли жиҳати, ушбу ёш тоифасидаги мамлакат биринчилиги катталар ва ёшлар ўртасидаги чемпионатлар сингари рақобати, шиддати, жозибаси, маҳоратли ёшларнинг ўзига хос тактик-техник хатти-ҳаракати билан алоҳида ажралиб турди.
Муросасиз кечган жанглар мухлислару ва мутахассисларга бир олам таассуротларни тортиқ этиш асносида ҳудудларда, алоҳида бокс жамоаларида, олий спорт маҳорати мактабларида фаолият кўрсатаётган мураббийларнинг иш услубига баҳо бергани билан ҳам катта аҳамият касб этди.
Ўзбек боксининг янги чемпионлар авлодини кашф этиб берган чемпионат якунларига кўра, 4 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритган Тошкент вилояти жамоаси 1-ўринни қўлга киритиб, чемпионатнинг “Энг яхши жамоаси” номига мушарраф бўлди.
[gallery-27478]
Шунингдек, 4 та олтин, 4 та бронза медаль жамғарган Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган спорт мактаби 2-ўриндан жой олган бўлса, 2 та олтин, 7 та кумуш, 3 та бронза медалига эга чиққан Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази жамоаси кучли учликни эгаллади.
[gallery-27479]
Анъанага мувофиқ чемпионатнинг “Энг яхши боксчиси” ҳам аниқланди ва бу номинация Тошкент вилояти вакили Аслиддин Усубалиевга насиб этди.
Чемпионатнинг “Энг яхши ҳаками” номига эса, жангларни адолатли олиб боришда юқори профессионаллигини намойиш этган Аслиддин Абдуалимов сазовор бўлди.
Тўлқин Рўзиев,
Алимурод Мамадаминов (сурат), Мумтозбегим Абдумўминова (сурат), ЎзА