Бокс: Қувайт турнирида ҳамюртларимиз ғолиб бўлди
Хабар берганимиздек, Қувайтда бундан бир ҳафта муқаддам бошланган “1-Қувайт халқаро бокс турнири” кеча ўз якунига етди.
Кеча, 25 июль куни мусобақанинг сўнгги кунида барча вазнларда финал жанглари ташкил этилди.

Ал-Қувайт шаҳрида кечган муросасиз жангларда ҳамюртларимиз муносиб натижаларни қайд этди.
51 килограмм вазнда эронлик Мустафа Риги билан рўбарў келган ҳамюртимиз Абдумажид Маннопов ғолиб чиққан бўлса, 57 кг.да Абдумалик Халаков таиландлик Саравут Суктетни мағлуб этди. 71 кг.да Жавлонбек Йўлдошев яна бир таиландлик Ситтхисак Чумкумар, 80 кг.да Дилшодбек Рўзметов қирғизистонлик Эркин Адилбек Улу ҳамда 92 кг.да ҳаракатланган Диёрбек Ўралов украиналик Микита Горбатенкодан устун келиб, халқаро турнир олтин медалларига мушарраф бўлди.

Шу ўринда айтиш жоиз, араб диёрида ўтказилган халқаро турнирда боксчилар 7 та вазн тоифасида беллашди. Мусобақанинг 7 та олтин медалидан 5 таси ва 1 та бронзаси "Ўзбек йўлбарслари"га тегишли бўлганлиги мухлис-у мутахассисларда катта таассурот қолдирди.
Дунёнинг 20 га яқин мамлакат терма жамоалари қатнашган халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.

Қувайтдаги мусобақаларда муваффақиятли қатнашган терма жамоамиз аъзолари бугун, 26 июль куни Тошкентга қайтиб келади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА