“Боғча опа”ман ва бундан фахрланаман
1 октябрь –Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Шаҳноза Жабборова 2018 йилда Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ўтказилган “Энг намунали тарбиячи” кўрик-танловининг туман босқичида биринчи, вилоят босқичида учинчи ўринни эгаллади.
2022 йилда тарбиячилар ўртасида ўтказилган “Алла” касбий кўрик-танловининг туман босқичида “Энг билимдон тарбиячи” номинацияси ғолиби бўлди.

Шу йили у Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ўтказилган “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” кўрик-танловининг республика босқичида “Энг яхши лойиҳа муаллифи” номинацияси ғолиблигини қўлга киритди. Натижада ўз йўналишида олий таълимга грант асосида ўқишга кириш йўлланмасига эга бўлди. У шу кунларда Тошкент халқаро Нордик универитетининг 2-курсида сиртдан таҳсил олмоқда.
Айни пайтда у Бухоро вилояти Вобкент туманидаги 7-давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи вазифасида ишлаб келаётир.
– Болалигимдан ҳуқуқшунос бўлишни орзу қилганман, – дейди Шаҳноза Жабборова. –Лекин тақдир тақозоси билан бу орзуим амалга ошмади. Бир мунча вақт мактабда етакчи бўлиб ишладим. Кейин мактабгача таълим ташкилотига ишга ўтдим. Аслида бу ерда ишлаш ниятим бўлмаган. Вақтинчалик “боғча опа” бўлиб, кейин кўнглимга ёқадиган бирор иш топиб кетаман, деб ўйлагандим. Аммо болажонларга меҳрим тушиб, ўрним шу ерда эканлигини англаб етдим. Мана 6 йилдирки, “Боғча опа”ман ва бундан фахрланаман.
Зариф Комилов, ЎзА