Бобур мероси – миллат хазинаси
Заҳириддин Муҳаммад Бобур – ўзбек шоири ва қомусий олим, машҳур давлат арбоби, моҳир саркарда, ўзбек миллий адабиётининг буюк намоёндаларидан бири. Унинг беқиёс илмий-ижодий мероси нафақат миллий маданиятимиз ва халқимиз адабий-эстетик тафаккурининг шаклланишида, балки жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида алоҳида ўринга эга.
Мустақиллик даврида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг асарларини юртимиз ва хорижий давлатларда тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, шоир туғилган кун – 14 февраль санаси ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб адабиёт ва илм-маърифат байрами сифатида нишонланмоқда. Бобуршунослик соҳасида кўплаб тадқиқотлар, республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар мунтазам ўтказилмоқда.
Кейинги йилларда Тошкент ва Андижон шаҳарларида Бобур Мирзонинг муаззам ҳайкаллари ўрнатилгани, унинг туғилиб ўсган юрти – Андижон шаҳрида Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ва унинг тасарруфидаги “Бобур ва жаҳон маданияти” китоб музейи фаолият кўрсатаётгани, “Бобур энциклопедияси”, “Бобур куллиёти”, “Бабур. Бабуриды. Библиография” деб номланган салмоқли асарларнинг нашрдан чиқарилгани, “Бобур ва дунё” журналининг ташкил қилингани маданий ҳаётимизда катта воқеа сифатида эътироф этилди.
Ватанимиз миллий ривожланишнинг янги босқичига – Учинчи Ренессанс даврига қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунда Бобур Мирзонинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 январдаги “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори буюк аждодимиз асарларининг миллий ва умуминсоний моҳиятини, унинг ёш авлодимиз интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш, Бобур Мирзонинг илмий ва ижодий меросини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда янада чуқур ўрганиш ва тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бобур шеъриятида инсон ахлоқи ва маънавий камолоти масалалари ҳам тилга олинган. Шоир инсонни юксалтиради, унга катта ҳурмат билан қарайди, инсон қадр-қимматини юксак қўяди. У бунга зид бўлган нарсаларни рад этади. Бобурнинг фикрича, худбинлик, иззатталаблик, очкўзлик, манманлик инсонни ҳалок қилувчи бўлмағур фазилатлардир. Шоир одамларга самимий маслаҳатлар беради. Ўз рубоийларида у инсон ўзида энг яхши ахлоқий фазилатларни қандай тарбиялаши кераклиги ҳақида гапиради.
Шоир шу мавзуга тўхталиб, инсон ҳаётининг асосий мақсадини меҳр-оқибат, саховат, олижаноблик ва ҳалолликда кўради. Дўстликни у инсон сифатининг энг муҳим жиҳати ва душманга қарши курашдаги қудратли куч деб ҳисоблайди.
Бобур асарларининг бадиий тили ҳақида гапирганда, унинг соддалиги, оммабоплиги, аниқлиги ва лўндалигини қайд этиш лозим. Шоир баландпарвоз иборалар ва мураккаб ифодаларни ёқтирмайди. Бобур тилининг соддалиги унинг ижоди, ҳис-туйғу ва кечинмаларининг ўқувчилар томонидан аниқ идрок этилишига хизмат қилади.
Бобур маъносиз гап сотишлардан қочишга, ўз фикрини қисқа, аниқ ва содда ифода этишга, одамнинг ўзи тушунмайдиган сўзларни ишлатмасликка чақиради. Бобурнинг ижодий маҳорати унинг насрий асарининг тасвирий тилига чуқур ва катта таъсир кўрсатганидан, бу унга катта бадиий гўзаллик ва кенг шуҳрат бағишлаганидан далолат беради.
Бобурнинг ижодий маҳорати бадиий-адабий услубда, она тилининг энг ифодали воситаларидан моҳирона фойдаланишда ва халқ ижодиёти манбаларини ижодий тасаввур қилишда ўз ифодасини топади.
Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номқозонган бўлса, ўзбек тилида ёзилган “Бобурнома” асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан жой олди.
Бобурнинг мазкур асари тилга муносабатининг яққол ифодасидир. Айнан Бобурнинг мазкур шоҳ асарида ўзбек тилининг лексик имкониятлари, лингвистик хусусиятлари жамланган. Асар тилининг ўзига хослиги, воқеликни имкон қадар аниқ, лўнда, таъсирчан ифода этишда ёзма нутқ маҳорати алоҳида диққатга сазовордир. Бобур воқеликни ифода этишда лексик бирликлардан маҳорат билан фойдаланган: девон куни (ўтган кун), туно-кун (туну кун), охирзамон (ҳукмронлигининг кейинги даврлари), илгида хамир бўлмоқ (муте бўлмоқ), орияти қуюлмоқ (вақтинча тайинланмоқ), шунқор бўлмоқ (ўлмоқ) кабилар бевосита Бобур услубига хос ифодалардир. Бобурнинг ўзи туркий сўзлар асосида бир қанча терминларни ясаган.
Масалан, қўшиннинг душман қисмини ёриб ҳужум қиладиган қисмини ёрқунчи деб атайди. Шунингдек, имло масалаларига, айниқса, арабча сўзлар имлосига алоҳида эътибор бергани маълум. Унинг сўз имлосига муносабати ўғли Хумоюнга ёзган мактубида намоён бўлади. Унда Бобур муаллиф исм имлоси ва маъносига эътиборли бўлиш, ота-онанинг ўз фарзандига муносиб исм бериш фарзи ҳақида, имло масалалари, ҳуснихат ва унинг аҳамияти, тил ва тафаккур боғлиқлигига тўхталади.
Ўғлининг хатига оид танбеҳлар бериб, уни хатосиз ёзишга ундайди: “Бундан нари бетакаллуф ва равшан ва пок алфоз била бити. Ҳам санга ташвиш озроқ бўлур ҳам ўқуғучиға”. Фикни ифодалашни нутқ имкониятлари орқали мукаммал эгаллаган Бобур буни ўғлидан ҳам талаб этган.
Буларнинг барчаси Бобур ижодининг ўзбек адабий тили тараққиётидаги ўрни беқиёс эканлигини кўрсатади.
Озода АКБАРОВА,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети
Ўзбек ва чет тиллари кафедраси услубчиси
ЎзА