Бобур ижоди ўқувчилар талқинида
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими томонидан эълон қилинган “Бобур шеъриятида муҳаббат талқини”, “Бобур – мен севган шоир” мавзуларида мактаб ўқувчилари ўртасида иншолар танлови ғолиблари тақдирланди.
Юртимизда февраль ойида икки буюк даҳо – Ҳазрат Мир Алишер Навоий, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд айёмлари кенг нишонланади. Шу муносабат билан жойларда маънавий-маърифий, адабий-бадиий кечалар бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими ташаббуси билан Навоий шаҳридаги 6-умумий ўрта таълим мактабида шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан адабий-бадиий тадбир ташкил этилди.
Унда улуғ аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросни асраб авайлаш ва уларни қунт билан ўқиб-ўрганиш муҳим эканлиги алоҳида қайд этилиб, Бобур шеърияти мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.

– Бобур асарлари самимий, равон ўқилади, – дейди жамоат фонди вилоят бўлими раиси Фахриддин Солиев. – Ишқ-муҳаббат, севги-садоқат, висол ва ҳижрон мавзулари асарларининг асосий мавзуси. Унинг ғазал ва рубоийларида, туюқ ва маснавийларида маъшуқанинг мафтункор гўзаллиги, беқиёс ҳусну латофати, шарқона одобу ахлоқи, нозу карашмаси енгил ва ўйноқи, мусиқий ва равон мисраларда катта маҳорат билан тараннум этилади. У рубоий жанрини турк адабиётида дунёга олиб чиққан шоирдир.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан мактаб ўқувчилари ўртасида иншолар танлови ҳам эълон қилинган эди.
Тадбирда танловлар ғолиб ва совриндорлари маълум қилинди. “Бобур шеъриятида муҳаббат талқини” мавзусида ўтказилган танловда 1-ўринни Амирхон Эшонқулов, “Бобур – мен севган шоир” мавзусидаги танловда эса Шаҳноза Ражабова ғолибликни қўлга киритди.
Тадбир давомида иншолар танлови ғолиблари ва фаол иштирок этган ўқувчиларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимининг Диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган театрлаштирилган томошалар, улар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, шоир ғазалларидан ўқилган намуналар барчада катта таассурот қолдирди.
Абдували Бўриев, ЎзА