Бобур Андижон кўчаларидан ўтди
Шоҳ ва шоир, улуғ аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан Андижонда февраль – “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ойлиги” деб эълон қилинган. Ойлик доирасида вилоятнинг барчаҳудудларида меҳнат жамоалари, маҳаллалар, таълим муассасаларида ана шу санага бағишланган адабий, маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Ана шундай ўзига хос тадбирлардан бири Андижон давлат тиббиёт институтида бўлиб ўтди.

Юртдошларимиз, ёшлар ўртасида Бобур шахси, унинг кенг қиррали фаолияти, илмий, адабий меросини тарғиб этиш мақсадида ўтказилган “Бобур издошлари” деб номланганмаънавий-маърифий тадбир ва ўзига хос юришда институт профессор-ўқитувчилари, талабалари, ижодкорлар иштирок этди.

Тадбир очилишида сўз олган Андижон давлат тиббиёт институти ректори, профессор Мадаминжон Мадазимов ҳамда бошқалар томонидан шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти,фаолияти, ижодининг ўзига хос қирралари хусусида гапирилди. “Бобурнома” асари ҳақида кенг маълумотлар берилди. Ижодкор талабалар шоирнинг ғазал ва рубоийларидан ўқиди.

Шундан сўнг шоҳ Бобур ўзининг оппоқ отида сипоҳийлари,аёнлари, институт жамоаси билан биргаликда Андижон шаҳрининг Юсуф Отабеков кўчаси бўйлаб юриб ўтди.

Институт жамоаси томонидан тайёрланган ўзига хос, ноодатий тадбир андижонликлар, ёшлар, шаҳар меҳмонлари қалбида улуғ аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бўлган ҳурмат туйғуларини, унинг ижодига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари