Боғдорчилик ривожига бағишланди
Самарқанд туманида узумчиликни ривожлантириш, мавжуд токзорлар самарадорлигини ошириш ва янгиларини барпо этишда илғор агротехнологияларни амалиётга кенг жорий қилишга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Самарқанд туманида узумчиликни ривожлантириш, мавжуд токзорлар самарадорлигини ошириш ва янгиларини барпо этишда илғор агротехнологияларни амалиётга кенг жорий қилишга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзвиносаноат-холдинг” компанияси, ҳудудий қишлоқ ва сув хўжалиги идоралари масъул ходимлари, соҳага алоқадор ташкилотлар ҳамда фермерлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда боғдорчиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари ҳақида сўз юритилди.
– Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 40 минг 271 гектар майдонда токзор мавжуд, – дейди Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи З.Ортиқов. – Омилкорлик билан иш тутган соҳибкорлар ушбу майдонлардан ҳар йили мўл ҳосил олмоқда. Лекин айрим хўжаликларда зарур агротехник тадбирларнинг сифатли амалга оширилмаслиги ва турли ўсимлик касалликлари туфайли ҳосилдорлик салмоғи имконият даражасида бўлмаяпти. Мавсум аввалида бундай семинар ташкил этилишидан мақсад ҳам жорий йилда ана шу муаммоларга барҳам бериш чораларини излашдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилда вилоятда 1 минг 168 гектар майдонда янги токзор барпо этилади ва 730 гектар ердаги узумзор реконструкция қилинади.
Семинар ишида бу юмушни сифатли амалга ошириш юзасидан ҳам зарур тавсиялар берилди. Тадбир иштирокчилари тумандаги “Абдурауф Давронов” ва “Қавчинон узумлари” фермер хўжаликлари далаларида бўлиб, токларга ишлов бериш ишлари билан танишди.