Боғдорчилик ривожи йўлида
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан ташкил этилган намунавий интенсив боғнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан ташкил этилган намунавий интенсив боғнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти, Фермерлар кенгаши, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, вилоят давлат ўрмон хўжалиги, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва боғдорчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти директори Амир Омонов, Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти лойиҳа раҳбари ўринбосари Юханна Волмаер ва бошқалар мамлакатимизда фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор иқтисодиётимизни юксалтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, халқимизни сифатли ва сервитамин озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Бугунги кунда Сурхондарё вилоятида 2 минг 592 гектар майдондаги интенсив боғдан мўл ҳосил олинмоқда. Бу йил боғдорчилик фермер хўжаликлари яна 1 минг 299 гектар майдонда интенсив боғ яратди.
Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти томонидан Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти Сурхондарё тажриба станцияси ҳудудида 5 гектар майдонда интенсив боғ барпо этилган.
– Ушбу намуна-тажриба боғида Европада етиштириладиган олма, гилос, олхўри, беҳи каби мевали дарахт кўчатларининг иссиқ иқлим ва гармселга чидамли 20 дан ортиқ нави турли ўлчамларда экилиб, синовдан ўтказилмоқда, – дейди Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти Сурхондарё тажриба станцияси раҳбари Ҳайитбой Тўрақулов. – Келгусида энг яхши ривожланган навлар танлаб олинади ва кўпайтирилиб, боғдорчилик фермер хўжаликларига етказиб берилади. Боғбонлар учун ўқув марказига айланиб бораётган мазкур боғда истиқболли янги навларни саралаш учун барча шароит яратилган.
Тадбир доирасида соҳа мутахассислари ва фермерлар янги интенсив боғда парваришланаётган кўчатларнинг ривожланиши, уларга ишлов бериш ва зараркунандаларга қарши курашиш усуллари билан танишди, ўзаро тажриба алмашди.