БМТнинг Таълимни трансформация қилиш саммитига тайёргарлик
Статистик маълумотларга кўра, COVID-19 пандемияси туфайли Ўзбекистонда 6,2 миллионга яқин ўқувчи таълимда узилишга дуч келган. Масофавий таълим имконияти чеклангани ва айни жараёндаги камчиликлар таълим инқирозини янада чуқурлаштирди.
Таълим соҳасидаги бу йўқотишлар нафақат юртимизда, балки бутун дунёда кузатилди. Шу боис жорий йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 77-сессияси кун тартибига Таълимни трансформация қилиш (TES – Transforming Education Summit) саммити ҳам киритилган. Анжуман пандемия туфайли юзага келган муаммони бартараф этиш, таълим сиёсатини қайта кўриб чиқиш орқали Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатни жадаллаштириш ечимини топишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси делегацияси ҳам иштирок этиши кутилаётган ушбу нуфузли, юқори даражали саммитга тайёргарлик кўриш бўйича жорий йил 28-30 июнь кунлари ЮНEСКОнинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳида таълим вазирлари иштирокида тайёргарлик учрашуви ўтказилади.
Мазкур тадбирларга тайёргарлик кўриш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида барча манфаатдор томонлар иштирокида миллий маслаҳатлашув ташкил этилди.
Учрашувда ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия, БМТнинг Ўзбекистондаги мувофиқлаштирувчи офиси, ЮНEСКО, ЮНИСEФ, Жаҳон банки, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, ҳамда қатор вазирлик, идоралар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда умумий ўрта ва профессионал таълимни тубдан такомиллаштириш, халқаро таълимга интеграциялашиш, таълим сифатини юқори босқичга олиб чиқиш борасида улкан ўзгаришлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Бу жараёнда БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари асосида белгиланган 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг 4-йўналиши ҳисобланган умумқамровли ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш ҳамда инсоннинг умри давомида таълим олиш имкониятини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, таълим сифатини ошириш, сифатли таълим олиш учун барчага тенг шароит яратиш инсон капиталини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада, аввало, пандемия туфайли таълимда юзага келган бўшлиқ ва йўқотишни бартараф этиш керак. Айни йўналишда мамлакатимизда бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2026 йилгача барча 6 ёшли болаларни мажбурий мактабгача тайёрлов билан ва 2030 йилга қадар барча 3-7 ёшли болаларни сифатли мактабгача таълим билан қамраб олиш мақсад қилинган.
Мактаб ўқувчиларининг билими ва кўникмасини шакллантириш, ўқитувчи касби нуфузини ошириш, дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни замон талаби асосида такомиллаштириш, халқ таълими муассасаларининг халқаро стандартга жавоб берадиган замонавий моделларини барпо этиш мақсадида 2022-2026 йилларда Халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастур қабул қилинди. Ўзбек ёшларининг олий таълим билан қамров даражаси 3 баробар, олий таълим муассасалари сони 2,4, нодавлат ОТМ сони 8,5 марта ошди. 2023 ва 2030 йилларда олий таълимни қамраб олиш даражасини мос равишда 35 ва 60 фоизга етказиш режалаштирилган.
Маслаҳатлашув анжуманида таълим соҳасидаги вазирлик, идоралар раҳбарлари Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида ўз йўналишлари бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар хусусида маълумот берди.
Тадбир инклюзив, адолатли, хавфсиз ва соғлом таълим ташкилотлари, ўқитувчилар, ўқитувчи мавқеи, ўқитувчилик касби, ҳаётий, иш ва барқарор ривожланиш учун зарур билим, кўникма, таълимда рақамли трансформация ҳамда таълимни молиялаштириш каби бешта тематик соҳа бўйича ишчи гуруҳ сессияларига бўлинган ҳолда давом эттирилди.
[gallery-7671]
Миллий маслаҳатлашувдан кўзланган мақсад 2030 йилгача таълимни трансформация қилиш учун манфаатдор томонлар ўртасида умумий қараш, мажбурият ва келишув ишлаб чиқиш, шу билан бирга таълимдаги йўқотишни бартараф этиш, БРМ эришишдаги ҳолатни яхшилаш ва таълимни қайта кўриб чиқиш сиёсати, жараённи режалаштириш ва молиялаштиришдаги ўзгартиришларни муҳокама қилишдан иборат.
- Афсуски, пандемия халқ таълими ва олий таълим тизимига жиддий зарар етказди, - дейди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Асхтана. – Мактаблар, олий ўқув юртлари ёпилди. Натижада бутун дунёда ўқувчилар мактабга боришдан маҳрум бўлди. Айни пайт Ўзбекистондаги мактаблар одатий таълим тизимига ўтган бўлса-да, бир қатор хориж давлатларида ҳамон мактаблар фаолияти тўхтатилган. Дарс масофавий ўтиляпти. Ўғил-қизлар ҳамон мактабга қайтмагани барчамизни бирдек ташвишга солади. БМТнинг юқори даражадаги ушбу саммитидан кўзланган асосий мақсад таълимга бўлган қарашни ўрганиш, таҳлил қилиш, келажакдаги эҳтимолий муаммоларга олдиндан тайёр туришга ўрганишдир. Айни жараёнда мана шундай маслаҳатлашувларнинг ўрни беқиёс. Бугунги тадбирда барча вазирлик, идоралар масъул ходимлари фаол иштирок этиб, ўз фикрларини билдириши жуда муҳим. Зеро, миллий маслаҳатлашув баёни Ўзбекистон учун келажак таълимни трансформация қилиш бўйича йўл харитаси вазифасини ўтайди.
Маслаҳатлашув натижаси ва баёни минтақавий ҳамда глобал Таълимни ўзгартириш саммитига тақдим этилади.
Гўзал Сатторова, ЎзА