АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссиясининг 70-юбилей сессияси бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Делегация таркибида сенатор Гулнора Маруфова, Олий суд раиси ўринбосари Малика Қаландарова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори ўринбосари Дилноза Муродова бор.
Нуфузли форумда БМТга аъзо давлатлар парламент аъзолари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари қатнашмоқда.

Аёллар ва қизларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, аёлларнинг сиёсат ва иқтисодиётдаги иштирокини кенгайтириш, зўравонликка қарши курашиш, шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг аёллар ҳуқуқларига таъсири БМТ юбилей сессиясининг асосий мавзусига айланди.
Сессиянинг тантанали очилиш маросимида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш аёллар ҳуқуқлари соҳасидаги бирон-бир ютуқ ўз-ўзидан пайдо бўлмаслигини – ҳар бир олдинга ташланган қадам фаоллар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва жамоат ҳаракатларининг узоқ давом этган кураши натижаси эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

“БМТ-аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сима Бахус ўз чиқишида гендер тенгликни қўллаб-қувватловчи мамлакатларнинг ҳукуматлари ва ташкилотлари вазиятни яхши томонга ўзгартириш ва одамлар ҳаётини яхшилаш учун етарли даражада кучли таъсирга эга эканини қайд этди.
Анжуман доирасида барча аёллар ва қизларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқини таъминлаш ва кенгайтиришга қаратилган қонунларга урғу берилди. Бу, биринчи навбатда, камситувчи қонунлар, сиёсат ва амалиётларни бартараф этиш ҳaмда тизимли тўсиқларни йўқ қилиш орқали инклюзив ва адолатли ҳуқуқий тизимларни шакллантиришни ўз ичига олади.
Ўзбекистон делегацияси одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш, камситувчи қонунлар, сиёсат ва амалиётларни бартараф этиш, тизимли тўсиқларни бартараф этишга бағишланган юқори даражадаги интерактив мулоқотда ҳам иштирок этди.
Н.Абдураимова, ЎзА