БМТ Украина бўйича хавотир қўнғироғини чалди
БМТ Инсон ҳуқуқи бўйича мониторинг миссияси маълумотига кўра, Украинада жорий йил июнь ойи бегуноҳ аҳоли учун охирги тўрт йилдаги энг ҳалокатли давр бўлди. Яъни, 293 фуқаро ҳалок бўлди, қарийб 2 000 киши жароҳатланди. Бу кўрсаткич 2022 йил апрелидан буён энг юқори даража сифатида қайд этилди.
Қурбонлар сони кескин ортишига Россиянинг узоқ масофага мўлжалланган ракета ҳужумлари сабаб бўлган. Айниқса, фронт чизиғидан олис жойлашган шаҳарлар, жумладан Киев энг кўп нишонга олинган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари танқислиги эса йирик аҳоли манзилларини янада ҳимоясиз қолдирган.
Ҳисоботда қайд этилишича, 2026 йил дастлабки 6 ойда ҳалок бўлган оддий аҳоли сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37 фоиз, 2024 йилга нисбатан эса икки баробардан кўпроқ ошган. Россия ҳудудида ҳам фуқаролар ўлими ўсгани қайд этилган: расмий маълумотга кўра, ярим йил ичида 250 киши бевақт ҳаётдан кўз юмган.

БМТ ҳисоб-китобида 2022 йил февралдан бери Украинада камида 16 431 бегуноҳ инсон, жумладан 803 бола уруш қурбонига айланган. Ташкилот бу рақамлар тўлиқ эмаслигини таъкидлайди, чунки Мариуполь ва Лисичанск каби ҳозир Россия назоратидаги ҳудудларда берилган қурбонлар сонини мустақил равишда тасдиқлаш имкони йўқ.

Урушни тўхтатишга қаратилган музокара деярли тўхтаб қолган. Президент Владимир Зеленский АҚШ ва Европа давлатларини мамлакат ҳаво мудофаасини кучайтириш учун қўшимча аслаҳа тизими, ракета захираси билан таъминлашга чақирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА