БМТ томонидан белгиланган гендер тенгликка оид мақсадлар қандай бажарилмоқда?
БМТнинг 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш кун тартибида белгиланган 5-мақсад – гендер тенгликка эришиш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтиришдир.
Мазкур масала бўйича Сенатда “Гендер тенглик ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтиришнинг устувор вазифалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлашнинг ҳуқуқий ва институционал асослари мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди. Янги таҳрирдаги Конституцияда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатланган.
“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилиниб, хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимоясига қаратилган механизмлар кучайтирилди.

2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси доирасида ҳам давлат органлари, маҳаллий кенгашлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Хотин-қизларнинг парламент ва маҳаллий кенгашлар фаолиятидаги иштироки ортиб, қизларнинг олий таълим билан қамрови кенгайди. Аёлларнинг тадбиркорлик, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларидаги фаоллиги тобора кучайиб бораётир.
Сенат аъзолари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда маънавият ва маърифат соҳаси вакиллари иштирок этган тадбирда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини янада кенгайтириш, қизларнинг таълим олиши ва етакчилик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг 5-мақсадини амалга ошириш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш ҳамда жамиятдаги гендер стереотипларини бартараф этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Иштирокчилар ўзаро фикр алмашиб, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини янада кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқди.
Н.Абдураимова, ЎзА