БМТ: иқлим ўзгариши борган сари тезлашмоқда
2023 йил БМТ кузатуви тарихида энг иссиқ йил бўлди, деб ёзди “Интерфакс” Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) маърузасига таяниб.
– Айрим кўрсаткичлар шунчаки эмас, балки ҳаддан зиёд юқори, иқлим ўзгариши борган сари тезлашмоқда, – деди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш. – Глобал исиш оқибати кескин, ҳалокатга олиб борадиган куч билан кучаймоқда.
Ҳисоботга кўра, 2023 йил карбонат ангидрид гази чиқиндиси даражаси, Ер сатҳидаги ҳарорат, Тинч океанидаги сув ҳарорати кўтарилиши кўрсаткичи ва музлик эриши бўйича рекорд кузатилди. Жазирама, тошқин, қурғоқчилик, назорат қилиб бўлмайдиган ўрмон ёнғини ва кучайиб бораётган тропик циклон миллионлаб инсонлар ҳаётига дахл қилиб, миллиардлаб доллар зарар келтиряпти.
БМТ Бош котиби сўзларига кўра, шунга қарамай, аввалгидек, ўта ёмон иқлим тартибсизлигидан қочиб қутулиш мумкин. Бунинг учун қазиб олинадиган ёнилғидан воз кечиш жараёнини тезлаштириш, мамлакатлар иқтисодий тизимига таъсир кўрсатувчи иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича миллий режалар ишлаб чиқиш, белгиланган кўрсаткич Цельсий бўйича 1,5 даражадан ошишига йўл қўймаслик зарур.
Азиза Алимова, ЎзА