БМТ глобал сунъий интеллект илмий панелини тасдиқлади
БМТ Бош Ассамблеяси АҚШнинг эътирозига қарамай, сунъий интеллектнинг глобал таъсири ва хавфини ўрганишга қаратилган мустақил илмий гуруҳ тузиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.
117 овоз билан маъқулланган бу қарорга икки давлат қарши чиқди, яна икки давлат бетарафлигини билдирди.
Янги тузилма 40 нафар халқаро мутахассисдан иборат бўлиб, уч йил давомида сунъий интеллектнинг технологик ривожланиши, иқтисодиётга таъсири, ахлоқий ва ижтимоий оқибатини баҳолаш билан шуғулланади. Экспертлар 2600 га яқин номзод орасидан тегишли ташкилотлар, жумладан Халқаро телекоммуникация иттифоқи ва ЮНЕСКО иштирокидаги мустақил танлов орқали сараланди.
Бош котиб Антониу Гутерриш фикрича, бу ташаббус сунъий интеллектни глобал миқёсда чуқур илмий тушунишга хизмат қиладиган муҳим жараён. Гуруҳ аъзолари энди барча давлатларга мустақил илмий таҳлиллар ва асосли тавсиялар тақдим этади.
Таркибда сунъий интеллект, маълумот илми, юқори самарали ҳисоблаш ва тилшунослик мутахассислари, шунингдек журналистлар, жумладан тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Мария Ресса ҳам бор.
АҚШ резолюцияга қарши чиқиб, янги тузилма БМТ ваколатидан чиқиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдириб, сунъий интеллектни бошқариш миллий даражада амалга оширилиши зарурлигини таъкидлади. Қолаверса, Америка томони ўз эътирозини таркиб шакллантирилиши жараёнидаги шаффофлик масалалари билан ҳам боғлаган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА